Ўзбекистонда хонандалар тўлаётган солиқ кескин камайгани маълум бўлди
Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда хонандалар томонидан тўланаётган даромад солиғи кескин камайган.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йилда 2 мингдан ортиқ хонандага 1,1 млрд сўм солиқ ҳисобланган бўлса, 2025 йилда декларация топширган санъаткорлар сони ҳам, солиқ тушумлари ҳам бир неча бараварга камайган.
Маълумотларга кўра, битта санаткор бир йилда ўртача 505 минг сўм солиқ тўлайди.

10 апрель куни санъаткорлардан ҳар бир тўй ёки концерт учун солиқ ундиришга қаратилган Президент қарори лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси якунланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси сўнгги йилларда жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган энг долзарб лойиҳалардан бири сифатида баҳоланиб, жами 16 мингга яқин маротаба кўриб чиқилган ҳамда фуқаролар томонидан 130 та таклиф ва мулоҳазалар билдирилган.
Вазирликка кўра, қарор лойиҳаси соҳага оид қонунчилик ва амалдаги тизимнинг таъсирини баҳолаш натижалари асосида ишлаб чиқилган. “Унинг асосий мақсади Солиқ кодексида белгиланган солиқ солишнинг мажбурийлиги ва адолатлилиги принципларини таъминлашдан иборат”, — дейилади хабарда.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда 2 020 нафар хонандага жами 1,1 млрд сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу бир нафар хонандага йилига ўртача 544,5 минг сўмдан тўғри келади.
2025 йилда эса солиқ декларациясини топширган хонандалар сони ҳам, уларга ҳисобланган солиқлар ҳам кескин камайган. Натижада 305 нафар санъаткорга жами 154 млн сўм солиқ ҳисобланган бўлиб, бу бир хонандага йилига ўртача 505,6 минг сўмни ташкил этади.
Адлия вазирлиги ушбу ҳолат соҳада солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда ягона ва шаффоф рақамли ҳисоб тизимини жорий этиш зарурлигини кўрсатаётганини таъкидлади.
Қарор лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобат қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси каби манфаатдор идоралар билан келишилгач жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Билдирилган барча таклиф ва мулоҳазалар ўрганилиб, лойиҳа такомиллаштирилади ва юқори турувчи идораларга киритилади.
Мавзуга оид: Санъаткорлар солиқ тўлашга қарши: аслида улар ҳам бошқалар каби солиқ тўлаши керак эмасми?









