11 948.580 so‘m

increase

58.630

13 793.440 so‘m

increase

76.000

144.290 so‘m

increase

0.360

11 948.580 so‘m

increase

58.630

5 соат аввал
Бозор
76

Ўзбекистонда сукук, фьючерс ва опционларни жорий этиш таклиф қилинмоқда

“Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда сукук, фьючерс, опцион ва бошқа молиявий воситаларни чиқариш ҳамда муомалага киритиш тартибини белгилаши мумкин. Янги воситалар ҳисобига 2030 йилгача фонд бозорига 10 трлн сўм инвестиция жалб қилиш, айрим даромадларга эса 2038 йилгача солиқ имтиёзлари бериш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда сукук, фьючерс ва опционларни жорий этиш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда капитал бозорини тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 16 боб ва 123 моддадан иборат ҳужжат 2015 йилда қабул қилинган “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунни тубдан қайта кўриб чиқиш асосида тайёрланган.

Лойиҳа 27 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилган. Шу сабабли ундаги таклифлар ҳозирча якуний кучга эга эмас.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълумотига кўра, лойиҳа капитал бозоридаги молиявий воситалар турини сезиларли кенгайтиришни назарда тутади. Хусусан, қуйидагиларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш таклиф қилинмоқда:

  • опцион, своп, фьючерс ва форвардлар;
  • нархлар фарқи бўйича шартномалар;
  • қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар;
  • барқарор ривожланиш облигациялари;
  • ислом молияси тамойилларига мос сукук қимматли қоғозлари.

Мазкур воситалар инвесторларга портфелни диверсификация қилиш ва нарх, валюта ёки бошқа бозор хатарларини бошқариш имконини бериши кутилмоқда. Бироқ мураккаб молиявий маҳсулотлардан кимлар фойдаланиши мумкинлиги инвесторларни “малакали” ва бошқа тоифаларга ажратиш орқали тартибга солинади.

Сукукнинг тўртта тури жорий этилиши мумкин

Лойиҳада сукукнинг ҳуқуқий мақоми, уни чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик асосидаги сукукларни чиқариш назарда тутилган.

Инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун “сукук эгалари вакили” институти ташкил этилиши мумкин. Бундан ташқари, қимматли қоғознинг ислом молияси стандартларига мувофиқлигини тасдиқлаш механизми жорий этилади.

Айрим даромадлар 2038 йилгача солиқлардан озод қилиниши мумкин

Капитал бозорига узоқ муддатли инвесторларни жалб қилиш учун бир қатор солиқ имтиёзлари таклиф қилинмоқда. Хусусан, айрим инвестиция фондлари даромадлари ҳамда қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар билан боғлиқ операциялар солиқлардан озод қилиниши мумкин.

Шунингдек, хўжалик жамиятлари облигациялари ва сукук бўйича айрим даромадларга 2038 йилгача солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутилган. Агентлик ушбу чоралар ва янги молиявий воситалар орқали 2030 йилгача фонд бозорига 10 трлн сўм инвестиция жалб этишни режалаштирмоқда.

Регулятор ваколатлари кенгайтирилади

Лойиҳада кастодиан фаолиятини лицензиялаш, рейтинг агентликлари, бошқарув компаниялари ва инвестиция фондлари фаолиятини рухсатнома асосида тартибга солиш таклиф қилинган.

Шунингдек, марказий контрагент, ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотлар ва облигация эгалари вакили институтларини яратиш кўзда тутилмоқда. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатлари ҳам кенгайтирилиши мумкин.

Ваколатли органга молиявий санкцияларни мустақил қўллаш ҳамда қонунчиликда белгиланган ҳолатларда банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш ваколатини бериш таклиф қилинган. Бундан ташқари, халқаро молия институтларига Ўзбекистонда облигация чиқариш, маҳаллий компанияларга эса хорижий капитал бозорларига чиқиш учун ҳуқуқий шароит яратилади.

Корпоратив облигациялар эмиссияси 6,6 баробардан кўпроқ ошган

Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистонда акциялар эмиссияси ҳажми 2023 йилдаги 189,7 трлн сўмдан 2026 йил 1 июль ҳолатига 269,4 трлн сўмга етган. Бу даврда кўрсаткич 42 фоизга ошган.

Корпоратив облигациялар эмиссияси эса 1,06 трлн сўмдан 7 трлн сўмдан юқори даражага чиқиб, камида 6,6 баробар кўпайган. Фақат 2025 йил якунидаги 3,93 трлн сўмлик кўрсаткич билан таққослаганда ҳам ўсиш қарийб 78 фоизни ташкил этади.

Фонд биржасидаги умумий савдолар ҳажми 2023 йилдаги 2,9 трлн сўмдан 2025 йилда 17,6 трлн сўмга етган. Шу тариқа, икки йил ичида биржа айланмаси қарийб олти баробар ошган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+