Ўзбекистонда саноат ўсиши секинлашяптими?
Январь ойида мамлакатдаги саноат ўсиши 4,3 фоизни ташкил этди, бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан 12,3 фоизга камдир.

2025 йил январь ойида Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши 4,3% га ошди. Бу иқтисодиёт барқарор ривожланаётганини кўрсатади. Бироқ, бу ўсиш 2024 йил январь ойидаги 16,6% лик кўрсаткич билан солиштирганда анча паст.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтига кўра, бу ҳолат ўсиш суръатларининг секинлашиши дегани эмас. Иқтисодиётда талаб ва таклиф мувозанатда бўлиши керак. Бироқ, бизнес ва аҳолининг эҳтиёжлари ўзгариб боради. Агар ўзгаришлар катта бўлса, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам вақтинча ошиб ёки камайиб туради. Вақт ўтиши билан эса бу жараён нормаллашади.
Нега ўтган йилги саноат ўсиши юқори бўлган?
2024 йил январь ойидаги саноат ўсишининг жуда юқори бўлишига "баланд база эффекти" сабаб бўлган. Бу эффектнинг келиб чиқишига эса 2023 йил январь-февраль ойларидаги аномал совуқ ҳаво таъсир қилган.

Ўша пайтда об-ҳаво шароитлари(аномал совуқ) туфайли ишлаб чиқариш ҳажми деярли 10% га камайиб кетган. Давлат томонидан ўз вақтида кўрилган қўллаб-қувватлаш чоралари саноатни тез тиклашга ёрдам берди. Шу сабабли, 2024 йилда саноат ишлаб чиқариши кескин ошиб кетди ва натижада 16,6% лик ўсиш қайд этилди.
Бироқ, ушбу ўсишнинг 10 фоиз пунктдан ортиғи саноатнинг тикланиши натижасида рўй берган. Ҳақиқий ўсиш эса атиги 5-6 фоизни ташкил қилган. 2025 йилда эса иқтисодиёт табиий мувозанатга қайтаётгани учун саноат ўсиш суръати нисбатан паст кўринмоқда.
2025 йилда саноат ишлаб чиқариши қандай ривожланмоқда?
2025 йил январь ойида юқори ўсиш қайта ишлаб чиқариш саноатида кузатилди – 5,2%. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг умумий саноатдаги улуши ошди. Агар 2024 йил январь ойида ишлаб чиқариш саноати саноат умумий ҳажмининг 75,7% ини ташкил қилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 79,1% га етди.
Ҳукумат саноат тармоқларини диверсификация қилиш ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.Натижада, кўплаб юқори ва ўрта технологик саноат тармоқларида ўсиш кузатилди. Хусусан, компьютер ва электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 7,7% га, электр жиҳозлари ишлаб чиқариш эса 14,5% га ошди. Энг катта ўсиш машинасозлик соҳасида қайд этилиб, транспорт ускуналари билан бирга 42,7% га етди. Шу билан бирга, аҳолининг истеъмол маҳсулотларига бўлган талаби ҳам саноат ишлаб чиқаришининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатди. Жумладан, озиқ-овқат саноати 12,7%, тўқимачилик саноати 3,6%, кийим-кечак ишлаб чиқариш 1,3%, мебель саноати 16,7%, қоғоз маҳсулотлари эса 37,6% га ошди. Шунингдек, кончилик саноатида ҳам 2,3% ўсиш кузатилди. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги нисбатан паст ишлаб чиқариш ҳажми билан боғлиқ бўлган "паст база эффекти" натижасидир.
Минтақадаги бошқа давлатлар билан солиштирганда, Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришининг январь ойидаги ўсиш суръати юқорироқ бўлди. Масалан, Қозоғистонда ушбу кўрсаткич 2,3% бўлган бўлса, Ўзбекистонда у 4,3% ни ташкил қилди.