Ўзбекистонда қўй гўшти бир йилда қарийб 20 фоизга қимматлашди
Суяксиз мол гўшти нархи бир йилда 17,1 фоизга, суякли мол гўштиники 15,6 фоизга ошди. Шу даврда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 6,4 фоизга қимматлашган. Октябрда эса умумий нарх ўсишининг қарийб учдан икки қисми озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистонда йиллик инфляция 2026 йил октябрида 6,5 фоизни ташкил этди. Бу сентябрдаги кўрсаткичдан 0,1 фоиз пунктга юқори, ўтган йилнинг октябридагидан эса 1,3 фоиз пунктга паст.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, истеъмол нархлари октябрнинг ўзида 0,6 фоизга, йил бошидан буён 4,8 фоизга ошган. Ўтган йилнинг дастлабки ўн ойида нархлар 5,7 фоизга кўтарилган эди.
Гўшт нархлари қанчага ошди?
Қўй гўшти нархи бир йилда 19,5 фоизга ошди. Бу озиқ-овқат нархларининг ўртача ўсишидан қарийб уч баравар юқори. Суяксиз мол гўшти 17,1 фоизга, суякли мол гўшти 15,6 фоизга, қийма эса 14,8 фоизга қимматлашди. Таққослаш учун, шу даврда бутун товуқ нархи 2,1 фоизга, товуқнинг болдир ва сон қисмлари нархи 3,3 фоизга ошган.
Октябрнинг ўзида қўй гўшти 1,4 фоизга, суякли мол гўшти 1,2 фоизга, қийма 1,1 фоизга ва суяксиз мол гўшти 0,9 фоизга қимматлашди. Тухум нархи эса бир ойда 5,2 фоизга, бир йилда 12,7 фоизга ошди.
Умуман, озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар октябрда ўртача 1 фоизга қимматлашди. Ой давомидаги умумий нарх ўсишининг қарийб 63 фоизи шу гуруҳ ҳиссасига тўғри келди. Йил бошидан буён эса озиқ-овқат, уй-жой ва коммунал хизматлар ҳамда транспорт биргаликда нархлар ўсишининг қарийб 70 фоизини берган.
Октябрда картошка қимматлашди, лимон арзонлашди
Октябрда бодринг ва бақлажон нархи 9 фоизга, помидорники 8,8 фоизга, булғор қалампириники 8,7 фоизга ошди. Картошка бир ойда 5,3 фоизга қимматлашган бўлса-да, бир йил аввалгидан 3,5 фоиз арзон. Бодринг ва бақлажон нархи ҳам ўтган йилнинг октябридагидан мос равишда 21,2 ва 31,6 фоиз пастроқ.
Айни пайтда лимон бир ойда 15 фоизга, узум 7,5 фоизга, олма эса 3 фоизга арзонлашди. Октябрдаги пасайишга қарамай, лимон нархи бир йил аввалгидан 11,3 фоиз юқори. Шакар эса бир ойда 2,2 фоизга арзонлашди, йиллик ҳисобда унинг нархи 0,6 фоизга ошган.
Мева-сабзавот нархларидаги ўзгаришлар ҳисобга олинмаганда, йиллик инфляция 6,8 фоизни ташкил этди. Бу умумий кўрсаткичдан 0,3 фоиз пунктга юқори.
Тошкентда метро ва автобусда йўл ҳақи 26,1 фоизга ошди
Октябрда янги тарифлар кучга киргач, Тошкент метроси ва шаҳар автобусларида йўл ҳақи 26,1 фоизга ошди. Бу ўзгариш мамлакат бўйича шаҳар автобусларида қатнов нархининг ўртача 7,1 фоизга кўтарилишига таъсир қилди. Таксида йўл ҳақи республика бўйича 1,3 фоизга, Тошкент шаҳрида эса 2,5 фоизга қимматлашди.
Бензин октябрда ўртача 1 фоизга қимматлашди. АИ-92 нархи 0,5 фоизга, АИ-95 нархи 2,6 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 нархи 5,3 фоизга ошди. Бир йил ичида бензин ўртача 19,5 фоизга, пропан эса 44,7 фоизга қимматлашган.
Статистика қўмитаси сўмнинг еврога нисбатан мустаҳкамланиши таъсирида ички авиақатновлар нархи бир ойда 1,4 фоизга тушганини қайд этди. Халқаро қатновлар эса ёқилғи йиғимлари ошиши ортидан 0,7 фоизга қимматлашди.
Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида тарифлар оширилгач, совуқ сув ва канализация хизматлари мамлакат бўйича ўртача 4,7 фоизга қимматлашди. Ҳудудлар орасида йиллик инфляция энг юқори Тошкент шаҳрида кузатилди. Пойтахтда нархлар бир йилда 7,4 фоизга ошган. Энг паст кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилди — 5,5 фоиз.
Марказий банк йил якунида қарийб 7 фоиз инфляция кутмоқда
Марказий банк 4 ноябрь куни асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди ва йил якунидаги инфляция прогнозини 6,5 фоиздан қарийб 7 фоизгача оширди.
Регулятор прогнозни қайта кўриб чиқишда юқори ички талаб, жаҳон бозоридаги энергия нархлари билан боғлиқ хатарлар ва айрим тартибга солинадиган нархларнинг ошганини ҳисобга олган. Марказий банк 2027 йил охирига бориб йиллик инфляция 5 фоизгача пасайишини кутмоқда.









