Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 5,8 млн сўмга етди
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 22,7 фоизлик ўсиш билан 9,9 млн сўм.
Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва яна 9 та вилоятда иш ҳақи республика даражасидан паст бўлиб қолмоқда.
Энг юқори иш ҳақи банк ва суғурта соҳасида, энг пасти эса таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида қайд этилган.

2025 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 5 миллион 796,1 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотида келтириб ўтилган.
Ўртача иш ҳақи 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса 2 баробарга ошган.
Ҳудуд | Ўртача иш ҳақи (минг сўм) | Ўсиш (%) |
Тошкент шаҳри | 9 889 100 | 22,7 |
Навоий вилояти | 7 330 900 | 12,6 |
Тошкент вилояти | 5 435 600 | 14,3 |
Андижон вилояти | 4 874 500 | 11 |
Бухоро вилояти | 4 763 500 | 18,5 |
Қорақалпоғистон Республикаси | 4 672 100 | 15 |
Сирдарё вилояти | 4 662 300 | 18,5 |
Хоразм вилояти | 4 580 200 | 14,3 |
Жиззах вилояти | 4 370 100 | 17,4 |
Самарқанд вилояти | 4 353 100 | 17,6 |
Наманган вилояти | 4 276 900 | 16,1 |
Сурхондарё вилояти | 4 209 100 | 19,1 |
Фарғона вилояти | 4 203 000 | 13,7 |
Қашқадарё вилояти | 4 079 800 | 13,7 |
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 22,7 фоизлик ўсиш билан 9 миллион 889 минг сўмни ташкил этди. Кейинги ўринларни эса Навоий вилояти (7,3 млн сўм) ва Тошкент вилояти (5,4 млн сўм) эгаллаган.
Шу билан бирга, Қашқадарё (4,1 млн сўм), Фарғона (4,2 млн сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (4,6 млн сўм) ҳамда яна 8 та вилоятда ўртача иш ҳақи республика даражасидан паст бўлиб қолмоқда.
Соҳа кесимида энг юқори ўсиш ахборот ва алоқа соҳасида кузатилди — бу соҳада иш ҳақи 26,8 фоизга ошиб, 14,81 миллион сўмга етган. Санъат, кўнгилочар ва дам олиш хизматлари соҳасида эса ўсиш 20,2 фоизни ташкил этиб, ўртача иш ҳақи 4,83 миллион сўмга етган.

Энг юқори ўртача иш ҳақи банк ва суғурта соҳасида қайд этилган — 15,84 миллион сўм. Бироқ бу соҳада ўсиш даражаси 19,8 фоиз бўлган.
Таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 4,04 миллион сўмни ташкил этиб, 17,7 фоизга ўсган. Ташиш ва сақлаш соҳаларида эса бу кўрсаткич 8,71 миллион сўм бўлиб, 16 фоизлик ўсиш кузатилган.
Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида қайд этилган — 3,62 миллион сўм. Бу соҳада ўсиш 11,1 фоизни ташкил этган.