Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7,1 млн сўмга етди
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи йиллик 18,4 фоизга ошди. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида 12 млн сўм, энг пасти эса Қашқадарёда 4,9 млн сўм қайд этилди. Банк-молия соҳасидаги ўртача иш ҳақи таълимдагидан 3,8 баравар, соғлиқни сақлашдагидан эса 4,3 баравар юқори бўлган.

Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2026 йилнинг январь–июнь ойларида 7,09 млн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Ўтган йилнинг шу даврида кўрсаткич 5,99 млн сўм бўлган. Шу тариқа, ўртача иш ҳақи бир йилда 1,1 млн сўм ёки 18,4 фоизга ошган.
2022 йилнинг биринчи ярмида ўртача маош 3,55 млн сўм эди. Тўрт йил ичида кўрсаткич 3,54 млн сўмга ёки 99,7 фоизга кўпайган. Бироқ бу номинал ўсиш бўлиб, нархлар ошиши ҳисобга олинмаган.
Пойтахтдаги иш ҳақи Қашқадарёдан 2,5 баравар юқори
Ҳудудлар орасида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди — 12,01 млн сўм. Бу республика ўртача кўрсаткичидан 69,4 фоиз юқори.
Иккинчи ўринни 8,72 млн сўмлик кўрсаткич билан Навоий вилояти эгаллаган. Фақат шу икки ҳудуддаги ўртача иш ҳақи республика даражасидан юқори бўлган.

Энг паст кўрсаткич Қашқадарё вилоятида — 4,86 млн сўм. Натижада Тошкент шаҳри ва Қашқадарё ўртасидаги фарқ 7,15 млн сўмни ташкил этиб, пойтахтдаги ўртача маош 2,5 баравар юқори бўлган.
Кейинги энг паст кўрсаткичлар Сурхондарёда 4,94 млн сўм, Фарғонада 5,16 млн сўм, Наманганда 5,19 млн сўм ва Самарқандда 5,19 млн сўмни ташкил этган.
Иш ҳақининг энг юқори йиллик ўсиши Жиззах вилоятида кузатилиб, 20,4 фоизга етган. Наманганда ўсиш 19,4 фоизни ташкил этган бўлса, энг паст суръат Андижонда — 15,1 фоиз қайд этилган.
Молия соҳасида ўртача иш ҳақи 19,1 млн сўм
Иқтисодий фаолият турлари орасида энг юқори ўртача иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида қайд этилди — 19,1 млн сўм. Бу республика ўртача кўрсаткичидан 2,7 баравар юқори.
Кейинги ўринларда ахборот ва алоқа соҳаси 17,42 млн сўм ҳамда ташиш ва сақлаш соҳаси 11,07 млн сўм билан жойлашган.
Саноатда ўртача иш ҳақи 8,27 млн сўм, савдода 7,65 млн сўм, қурилишда эса 7,03 млн сўмни ташкил этган.

Энг паст кўрсаткич соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда қайд этилиб, ўртача иш ҳақи 4,44 млн сўм бўлган. Таълимда бу кўрсаткич 4,98 млн сўм, яшаш ва овқатланиш хизматларида 5,19 млн сўмни ташкил этган.
Шу тариқа, молия тизимидаги ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш соҳасидагидан 14,66 млн сўм ёки 4,3 баравар юқори бўлган.
Айни пайтда иш ҳақи энг тез ошган соҳа ташиш ва сақлаш бўлиб, йиллик ўсиш 22,8 фоизни ташкил этди. Таълимда иш ҳақи 20,3 фоиз, соғлиқни сақлашда 20,1 фоиз ва қурилишда 19,9 фоизга ошган. Шунга қарамай, таълим ва соғлиқни сақлаш мутлақ иш ҳақи миқдори бўйича қуйи ўринларда қолмоқда.
Олий таълимдаги маош мактабгача таълимдагидан 4,4 баравар кўп
Таълим тизимининг ўзида ҳам катта тафовут мавжуд. Олий таълимда ўртача иш ҳақи 12,05 млн сўмни ташкил этган бўлса, техник ва профессионал таълимда 5,37 млн сўм, умумий ўрта таълимда 4,67 млн сўм бўлган.
Мактабгача таълимдаги ўртача иш ҳақи эса 2,72 млн сўм билан чекланган. Бу олий таълимдагидан 4,4 баравар кам ва республика ўртача кўрсаткичининг 38 фоизига тенг.
Ахборот ва алоқа соҳасида компьютер дастурлаштириш ҳамда маслаҳат хизматларидаги ўртача иш ҳақи 22,23 млн сўмга етган. Молия тизимининг айрим суғурта ва қайта суғурталаш йўналишларида эса кўрсаткич 26 млн сўмдан ошган.









