11 830.870 so‘m

increase

16.820

13 450.520 so‘m

decrease

-31.670

139.270 so‘m

decrease

-0.660

11 830.870 so‘m

increase

16.820

4 соат аввал
Банк
99

Ўзбекистонда Open Banking жорий этилади — Марказий банк 2030 йилгача FinTech стратегиясини тасдиқлади

Марказий банк 2026–2030 йилларга мўлжалланган FinTech стратегиясини тасдиқлади. Ҳужжат Open Banking ва Open Finance, очиқ API стандартлари, янги рақамли идентификация инфратузилмаси ҳамда минтақавий тўлов тизимларини ривожлантиришни назарда тутади.

Ўзбекистонда Open Banking жорий этилади — Марказий банк 2030 йилгача FinTech стратегиясини тасдиқлади

Ўзбекистонда банклар ва FinTech компаниялари ўртасида мижоз розилиги асосида молиявий маълумот алмашиш имконини берувчи Open Banking тизими жорий этилади.

Бу Марказий банк томонидан тасдиқланган 2026–2030 йилларга мўлжалланган молиявий технологияларни ривожлантириш миллий стратегиясидаги асосий ташаббуслардан бири ҳисобланади. Open Banking билан бирга кейинчалик Open Finance тизими ва молиявий ташкилотлар учун очиқ API стандартларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Open Banking орқали мижоз ўз розилиги билан банкдаги айрим маълумотларини бошқа банк ёки FinTech сервисларига тақдим эта олади. Натижада турли банклардаги ҳисобларни битта сервис орқали бошқариш, транзакция маълумотлари асосида янги молиявий маҳсулотлар таклиф қилиш ёки тўлов хизматларини бошқа платформаларга интеграция қилиш имкониятлари кенгайиши мумкин.

Стратегияда FinTech лойиҳаларини ғоядан бозоргача қўллаб-қувватлаш учун Innovation Hubни ривожлантириш ва Regulatory Sandbox 2.0 имкониятларини кенгайтириш ҳам белгиланган. Sandbox янги молиявий маҳсулотларни оммавий бозорга чиқаришдан олдин назорат қилинадиган муҳитда синовдан ўтказишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, рақамли идентификация инфратузилмасини такомиллаштириш, тўлов тизимларининг ўзаро ишлашини кучайтириш ҳамда трансчегаравий тўлов ва пул ўтказмаларини ривожлантириш режалаштирилган. Кейинги босқичларда молия соҳасида сунъий интеллект асосидаги ечимларни тажриба тариқасида қўллаш ҳам кўзда тутилган.

Марказий банк аввалроқ 2030 йилгача Ўзбекистон FinTech секторига $1 млрд инвестиция жалб қилиш ва 5 минг мутахассис тайёрлаш мақсадини эълон қилган эди. Шунингдек, 200 дан ортиқ лицензияланган бозор иштирокчисини шакллантириш ва 100 та стартапни инкубация дастурларидан чиқариш режалаштирилган.

Стратегия 2030 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади. Дастлаб FinTech экотизимининг институционал ва технологик базаси яратилади, кейин эса Open Banking, очиқ API, рақамли идентификация, тўлов инфратузилмаси ва AI йўналишлари кенгайтирилади. Марказий банк якунда Ўзбекистонни FinTech компаниялари учун Марказий Осиёдаги энг мақбул юрисдикцияга айлантиришни мақсад қилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+