12 547.380 so‘m

decrease

-34.590

14 665.380 so‘m

decrease

-32.880

157.020 so‘m

decrease

-0.730

12 547.380 so‘m

decrease

-34.590

6 соат аввал
Иқтисодиёт

Ўзбекистонда нон нархи нега ошмоқда? Тадқиқот

Марказий банк маълумотига кўра, 2020–2025 йилларда биринчи навли нон 77,6 фоизга, олий навли нон 52,5 фоизга, обинон 62,4 фоизга қимматлаган.

Шу даврда биринчи навли ун нархи 4 127 сўмдан 6 440 сўмга, олий навли ун эса 5 506 сўмдан 9 581 сўмга кўтарилган.

Нархларнинг бундай ўсиши ишлаб чиқариш харажатлари, аҳоли сони ўсиши, импортга қарамлик ва иқлим омиллари билан боғланмоқда.

Ўзбекистонда нон нархи нега ошмоқда? Тадқиқот
Фото: AI / Pinkod.uz

Марказий банк Ўзбекистонда нон маҳсулотлари нархига таъсир қилувчи омиллар бўйича тадқиқот ўтказиб, сўнгги йилларда нархларнинг кескин ошиши сабабларини таҳлил қилди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилдан 2025 йил май ойигача:

  • биринчи навли буғдой унидан тайёрланган нон 77,6 фоизга,

  • олий навли нон 52,5 фоизга,

  • обинон 62,4 фоизга қимматлаган.

Худди шу даврда:

  • биринчи навли ун 56,9 фоизга,

  • олий навли ун эса 73,5 фоизга ошган.

Энг катта ўсиш 2022 йилда кузатилган бўлиб, айнан шу йили биринчи навли нон нархи 54,8 фоиз, биринчи навли ун 46 фоиз, олий навли ун 39,5 фоиз, олий навли нон 25,8 фоиз, обинон эса 22,7 фоизга қимматлашган.

Аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йил бошида 4 127 сўм бўлган биринчи навли ун 2025 йил бошида 6 440 сўмга етган. Шу даврда биринчи навли нон 3 129 сўмдан 6 144 сўмгача кўтарилган, олий навли ун эса 5 506 сўмдан 9 581 сўмгача қимматлашган.

Нархлар нега ошмоқда?

Нархларнинг бундай ўсишига бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда. Аввало, ишлаб чиқариш таннархига бевосита таъсир этувчи ресурслар – ёнилғи, электр энергияси, газ, сув ва транспорт хизматлари кескин қимматлаган. Бу эса ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларини ошириб, якуний маҳсулот нархида акс этмоқда. Фермер ва кластерларнинг буғдойни биржа орқали сотиши ҳам нархларни эркинлаштиришга олиб келмоқда. 

Бундан ташқари, аҳоли сонининг ўсиши ҳам талабни кескин кучайтирмоқда. Ўзбекистон аҳолиси йиллик ўртача 2 фоизга кўпаймоқда ва ҳар 1 миллион кишилик ўсиш нон маҳсулотларига йиллик 171 минг тоннагача қўшимча талабни юзага келтиради. 2025 йил 1 апрель ҳолатига мамлакат аҳолиси 37,7 миллион кишига етган бўлиб, кейинги беш йилда қўшимча талаб 670 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда.

Импорт ва жаҳон бозоридаги нархлар ҳам асосий омиллардан бири ҳисобланади. 2021–2024 йилларда Ўзбекистонга келтирилган буғдойнинг 99 фоиздан ортиғи Қозоғистондан олиб келинган. 

Буғдой импорт нархи 2021 йилда бир тоннаси 222 доллар бўлган бўлса, 2022 йилда 280 долларга, 2023 йилда 231 долларга, 2024 йилда эса 190 долларга тушган. Ун импорти эса 2021 йилдаги 268 доллардан 2024 йилда 323 долларгача ошган. Шу сабабли жаҳон бозоридаги нарх ўзгаришлари Ўзбекистон бозорига тезкор ва кучли таъсир қилмоқда.

Тадқиқотда экологик омиллар ҳам алоҳида қайд этилган. Иқлим ўзгариши, юқори ҳарорат, қурғоқчилик, сув танқислиги ва самарасиз суғориш тизимлари буғдой ҳосилдорлигини пасайтирмоқда. Ер шўрланиши майдонлари 2000 йилдаги 450 минг гектардан 2020 йилда 750 минг гектаргача кенгайган, бу эса ҳосил миқдорини сезиларли камайтирган. Натижада фермерларнинг даромади тушиб, ички таъминотга босим кучайган.

Геосиёсий вазият ҳам муҳим таъсир кўрсатмоқда. Россия–Украина можароси, экспорт квоталари, транзит тарифлари ва бошқа савдо чекловлари глобал буғдой бозорида узилишларга олиб келиб, импорт қилувчи давлатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам нархларнинг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Марказий банк хулосасига кўра, нархларни барқарорлаштириш учун ички ресурслардан самарали фойдаланиш, буғдой ва ун ишлаб чиқариш таннархини мунтазам таҳлил қилиш, суғориш ва агрономик технологияларни ривожлантириш, аҳоли истеъмол одатларини ўрганиб бориш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарур. Шу билан бирга, буғдой импорти географиясини кенгайтириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича мувофиқлаштирилган механизмларни кучайтириш муҳим йўналиш сифатида кўрилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+