Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 70 млндан ошди
2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда муомаладаги банк пластик карталари сони 70 951 598 тага етди ва бир ой ичида 1,7 миллионтага кўпайди. Банк карталари сони энг кўп бўлган банк “Халқ Банки” бўлса, энг тезкор ўсиш динамикаси Uzum Bank’да кузатилган.

Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 70 млндан ошди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.
Жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, муомаладаги банк пластик карталари сони жами 70 млн 951 минг 598 тани ташкил этди. Бир ойда карталар 1 млн 719 257 тага кўпайган.
Муомаладаги банк карталари сони бўйича энг юқори кўрсаткичга эга топ-10 та банк (2026 йил 1 март ҳолатига):
- Халқ банки — 11,1 млн
- Агробанк — 6,6 млн
- Uzxum Bank — 6 млн
- Ипотека-банк — 5,4 млн
- Анор банк — 4,36 млн
- Миллий банк — 4,27 млн
- TBC банк — 4,2 млн
- Hamkorbank — 4,1 млн
- Ипак Йўли банки — 3,7 млн
- Ўзсаноатқурилишбанки — 2,9 млн
Тўлов терминаллари ва улардаги тушумлар
Бир ойда ўрнатилган тўлов терминаллари сони 6 173 тага ошиб, республика бўйича жами 439 462 тани ташкил этди. Терминал ўрнатиш бўйича мутлақ етакчи Ҳамкорбанк бўлиб, унинг ҳиссасига 59 903 та терминал тўғри келади. Ундан кейинги ўринларни Халқ банки (33 525 та) ва Агробанк (32 493 та) банд этган.
Январь-февраль ойларида терминаллар орқали тушган умумий тушумлар ҳажми 82,9 трлн сўмдан (82 925 млрд сўм) ортиққа етди. Бироқ февраль ойида тушум 2,3% га бироз қисқарган. Умумий айланмада қуйидаги банклар энг юқори натижаларни кўрсатган:
- Алоқабанк: ~10,39 трлн сўм
- TBC bank: ~6,52 трлн сўм
- Миллий банк: ~6,17 трлн сўм
- Микрокредитбанк: ~5,0 трлн сўм
- Uzum Bank: ~4,94 трлн сўм
Банкоматлар ва инфокиосклар
Банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони бир ойда қарийб 3 мингтага ошиб, 45 311 тага етди.
- Тўлов ташкилотлари: 26 722 та қурилма билан бозордаги умумий улушнинг салкам 59% қисмини эгаллаб турибди.
- Тижорат банклари орасида: Энг кўп банкомат ва инфокиоскларга хизмат кўрсатиш бўйича Халқ банки (3 132 та), Агробанк (1 823 та) ҳамда Капиталбанк (1 487 та) етакчилик қилмоқда.









