Ўзбекистонда микромолия хизматлари ҳажми ярим йилда қарийб икки бараварга ошди
2025 йилнинг январь–июнь ойларида кредит ташкилотлари аҳолига 66,9 трлн сўмлик микромолия хизматлари кўрсатди.
Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 92 фоиз кўп бўлиб, улушнинг асосий қисми тижорат банкларига тўғри келди.
Банклар ичида TBC Bank етакчилик қилиб, 22,3 трлн сўм билан банклар сегментидаги микромолия хизматларининг қарийб 42 фоизини таъминлади.

Ўзбекистонда ярим йил ичида микромолия хизматлари ҳажми деярли икки баравар ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025 йил биринчи ярми якунларига бағишланган микромолия бозорига оид ҳисоботида маълум қилинди.
Январь–июнь ойларида кредит ташкилотлари 66,9 трлн сўмлик микромолия хизматларини кўрсатди — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 92,2 фоиз кўп. Шундан 80 фоиз улуши тижорат банкларига, 18 фоиз микромолия ташкилотларига, 2 фоиз ломбардларга тўғри келади.
Тижорат банкларида микромолия хизматлари ҳажми 89,4 фоизга ошиб, 53,6 трлн сўмга етди. Микромолия ташкилотларида бу кўрсаткич 2,2 баравар ошиб, 12 трлн сўмни, ломбардларда эса 31 фоизга ошиб, 1,3 трлн сўмни ташкил этди.
100 млн сўмгача бўлган хизматлар умумий ҳажмнинг 91 фоизини (61,1 трлн сўм), 100–300 млн сўмлик хизматлар эса 9 фоизини (5,8 трлн сўм) ташкил қилди. Натижада уларнинг умумий кредитлар ҳажмидаги улуши 2024 йил биринчи ярмидаги 26 фоиздан 2025 йилнинг шу даврида 34 фоизга ошди.
Банклар ичида етакчилик хусусий сектор ҳиссасига тўғри келди — улар 37,7 трлн сўмлик микромолия хизматларини тақдим этди (70%). Давлат банклари эса 15,9 трлн сўмлик (30%) кўрсаткични таъминлади. Хусусий банклар кредит портфели 2,2 баравар, давлат банклариники эса 46 фоизга ошди.
Давлат банклари орасида энг катта ўсишни “Микрокредитбанк” (2,6 баравар, жумладан микроқарзлар 4,4 баравар), “Агробанк” (2,4 баравар, микроқарзлар 5,5 баравар) ва “Алоқабанк” (2,2 баравар, микроқарзлар 3,6 баравар) кўрсатди.
Хусусий банклар сегментида TBC Bank (3,2 баравар, микроқарзлар — 3 баравар), InfinBank (3,1 баравар, кредит карталари — 3,3 баравар) ва Анорбанк (75% ўсиш, микроқарзлар — 73%) етакчилик қилди.
Марказий банк маълумотларига кўра, микромолия хизматлари ҳажми бўйича TBC Bank етакчи бўлиб қолмоқда: кўрсаткич ўтган йилдаги 7 трлн сўмдан 22,3 трлн сўмга ошди. Шундай қилиб, TBC Bank банклар орасида микромолия хизматлари ҳажмининг 41,6 фоизини ёки бутун бозорнинг учдан бир қисмини ташкил қилмоқда.