11 949.030 so‘m

decrease

-52.910

13 921.810 so‘m

decrease

-52.050

166.280 so‘m

decrease

-0.390

11 949.030 so‘m

decrease

-52.910

6 соат аввал
Банк
39

Ўзбекистонда кичик бизнес кредитлари учун рақамли платформа 1 июлгача ишга туширилади

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакиллари битта ариза орқали бир нечта банкдан тижорий таклиф олиши мумкин бўлади.

Ўзбекистонда кичик бизнес кредитлари учун рақамли платформа 1 июлгача ишга туширилади
Фото: AI/Pinkod.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш ва кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга қаратилган қарорни имзолади

Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача кичик ва ўрта бизнесга ажратиладиган кредитлар портфелини 3 баробарга ошириш, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 20 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Қарорда тадбиркорлар учун молиявий хизматлардан фойдаланишни соддалаштириш, кредит олиш жараёнига рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш белгиланган.

Хусусан, 2026 йил 1 июлгача рақамли молиявий платформа ишга туширилади. Платформа орқали тадбиркорлар кредит олиш учун битта ариза юборади ва бир нечта банкдан тижорий таклиф олиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, 2026 йил 1 декабрдан платформа доирасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда альтернатив скоринг модели жорий этилади. Бу, айниқса, кредит тарихи мавжуд бўлмаган кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.

Қарорга кўра, банклар икки ой муддатда “АИ маслаҳатчи” дастурини ишга туширади. Мазкур дастур тадбиркорларга бизнес ғояларни ишлаб чиқиш, уларни молиялаштириш имкониятларини шакллантириш ва маҳаллаларнинг ихтисослашуви ҳамда “ўсиш нуқталари”ни ҳисобга олган ҳолда маслаҳатлар беришга хизмат қилади.

Молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам қўшимча чоралар белгиланмоқда. 2026 йил 1 июлдан бошлаб “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида илгари микрокредитдан фойдаланган ва ижобий кредит тарихига эга тадбиркорлар учун микрокредитнинг гаровсиз қисми 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади.

Бундан ташқари, Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан кредит ёки лизингнинг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ажратилади. Ҳар йили дастур асосида юқори балл олган 100 та тадбиркорлик субъектига фаолиятни рақамлаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш ва “яшил” технологияларни татбиқ қилиш харажатлари учун 300 миллион сўмгача грант берилади.

Шунингдек, 2028 йил 1 апрелгача платформага нобанк кредит ташкилотлари, лизинг компаниялари ва молиявий технологиялар бозори иштирокчиларини улаш имконияти яратилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+