Ўзбекистонда исломий банклар ва уларнинг мижозлари даромади қандай солиққа тортилади?
Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этиш билан боғлиқ янги солиқ қоидалари белгиланди. Қонунга кўра, айрим исломий молия операциялари ҚҚСдан озод қилинади, фуқароларнинг исломий банкларга киритган маблағларидан олган даромадларига эса даромад солиғи солинмайди.

Аввалроқ Pinkod Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қонун расман қабул қилингани ҳақида ёзган эди.
Қонунга мувофиқ, Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортишнинг ўзига хос жиҳатларини белгиловчи янги боб киритилди.
Қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинадиган операциялар
Солиқ кодексига киритилган янги 480-4-моддага мувофиқ, исломий молия доирасидаги қатор операциялар ҚҚСдан озод қилинади:
- Исломий қимматли қоғозлар: Бу қоғозларни сақлаш, уларга бўлган ҳуқуқни ҳисобга олиш, ўтказиш, реэстрини юритиш ва савдосини ташкил этиш операциялари ҚҚСга тортилмайди (қимматли қоғозларни тайёрлаш бўйича хизматлар бундан мустасно).
- Ишончли бошқарув: Банк ва микромолия ташкилотлари томонидан ишончли бошқарув (воситачилик) шартномалари асосида мижозга (комитентга) пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар.
- Исломий ижара даромади: Мол-мулкни исломий ижарага беришда ижара тўловларининг умумий суммаси ва мол-мулкни сотиб олиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ.
- Товарлардаги устама: Банк ва микромолия ташкилотлари томонидан шартномалар бўйича мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама (маржа).
Фойда солиғини ҳисоблаш
Фойда солиғини ҳисоблашда исломий молия бўйича олинган мукофот тарзидаги даромадлар, шунингдек, исломий суғурта ва қайта суғурта ташкилотларининг даромадлари жами даромадлар таркибига киритилади.
Лекин бу ерда молия муассасалари учун енгиллик бор. Агар мижозлар тўловларни кечиктиргани учун жарима ёки пеня ундирилса ва бу маблағлар ислом қоидаларига кўра хайрия қилинса, ушбу хайрия маблағлари фойда солиғи базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар қаторига киради.
Шунингдек, исломий ижара доирасида кўчмас мулкни ижарага берувчи банклар ва микромолия ташкилотлари мол-мулк ва ер солиқлари тўловчилари деб эътироф этилади.
Жисмоний шахслар учун солиқ имтиёзи
Қонун билан оддий фуқаролар учун исломий банкларга сармоя киритиш анча жозибадор кўриниш олади. Сабаби, жисмоний шахсларнинг исломий молия фаолияти билан шуғулланувчи банк ва микромолия ташкилотларига воситачилик (топшириқ), ишончли бошқарув ёки шерикчилик асосида маблағ тақдим этишидан олган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) солинмайди. Бу аҳолининг бўш маблағларини иқтисодиётга фаолроқ жалб этишга хизмат қилади.









