Ўзбекистонда иш қидирувчилар сони вакансияларга нисбатан тезроқ ўсмоқда
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда фаол резюмелар сони 31,5 фоизга ошиб, 636 мингтага етди. Март ойида вакансиялар 9,8 фоизга кўпайганига қарамай, ишчи кучи таклифининг талабдан тезроқ ўсиши меҳнат бозорида рақобатни кучайтирмоқда.

Марказий банкнинг 2026 йил биринчи чораги бўйича Меҳнат бозори шарҳига кўра, йилнинг дастлабки икки ойида вакансиялар сони камайган. Январь ойида бўш иш ўринлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,5 фоизга, февралда эса 6,5 фоизга қисқарган.
Март ойига келиб меҳнат бозоридаги фаоллик сезиларли тикланган. Ой давомида очиқ манбаларда эълон қилинган вакансиялар сони 15,4 мингтани ташкил этиб, 2025 йил мартига нисбатан 9,8 фоизга ошган. Бу иқтисодиётда ишчи кучига талаб сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Иш қидирувчилар тезроқ кўпаймоқда
Бўш иш ўринлари сони ошаётганига қарамай, ишчи кучи таклифи бундан анча юқори суръатда ўсмоқда.
HeadHunter Uzbekistan маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида фаол резюмелар сони йиллик ҳисобда 31,5 фоизга кўпайиб, 636 мингтага етган.
Шундай қилиб, фаол резюмелар ўсиши март ойидаги вакансиялар ўсишидан қарийб уч баравар юқори бўлган. Бироқ бу кўрсаткичлар турли даврларни — резюмелар бўйича бутун чоракни, вакансиялар бўйича эса март ойини қамраб олади.
Марказий банк иш изловчилар сонининг меҳнатга бўлган талабдан тезроқ ошиши бозордаги рақобатни кучайтираётганини қайд этган. Бу ҳолат иш ҳақларининг ўсиш суръатлари босқичма-босқич мўтадиллашишига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Қайси соҳаларда ходимларга талаб юқори?
Биринчи чоракда ишчи кучига энг юқори талаб хизматлар, чакана савдо, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида шаклланган.
Хизматлар соҳаси ва чакана савдода ходимларга талабнинг юқорилиги истеъмол фаоллиги билан изоҳланган. Умумий овқатланиш ва ишлаб чиқаришда эса меҳнатга талаб кескин фаоллашган.
Қурилиш соҳасидаги бандлик инвестиция цикли ва мавсумий омилларга боғлиқ бўлса-да, чорак давомида мазкур йўналишда ҳам ишчи кучига талабнинг ўсиши кузатилган.
Марказий банк ўтказган сўровларда хизматлар ва савдо соҳасидаги корхоналарнинг ходимлар сонини ошириш бўйича кутилмалари яхшиланган. Саноатда эса бандлик бўйича кутилмалар асосан барқарор сақланиб қолган.
Бандлик асосан хусусий сектор ҳисобига ошмоқда
Ўзбекистонда бандлик ўсишининг асосий қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. 2025 йилда хусусий секторда бандлик 5,2 фоизга ошиб, умумий бандлик ўсишига 4,2 фоиз банд ҳисса қўшган.
Давлат секторида бандлик 2,6 фоизга кўпайган ва унинг умумий ўсишга ҳиссаси 0,5 фоиз бандни ташкил этган.
Бандликнинг энг юқори ўсиши хизматлар соҳасида, жумладан, молия ва суғурта, профессионал ва техник хизматлар, шунингдек маъмурий ҳамда ёрдамчи хизматларда қайд этилган.
Мазкур жараёнлар фонида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси пасайишда давом этиб, 2025 йилнинг тўртинчи чораги якунида 4,8 фоизни ташкил этган.









