Ўзбекистонда Инвестиция кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Асосий тафсилотлар
Янги кодекс лойиҳасида хорижий капитал мезонини пасайтириш, инвесторларга алоҳида менежер бириктириш ва Инвестиция омбудсманини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, “Яшил лойиҳа” ва “Фахрий фуқаро” мақомлари ҳамда хориждаги лойиҳаларга давлат кафолати бериш назарда тутилган.
Pinkod лойиҳадаги асосий ўзгаришларни бир жойга жамлади:

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди.
Кодекс лойиҳаси 8 бўлим, 15 боб ва 99 моддадан иборат. Унда инвестиция турлари, инвесторларнинг ҳуқуқлари, давлат кафолатлари, имтиёз ва субсидиялар, Ҳукумат билан инвестиция шартномалари ҳамда низоларни ҳал этиш тартиби белгиланган.
Ҳужжат қабул қилинса, 2019 йилда қабул қилинган “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотади. Таққослаш учун, амалдаги қонун 12 боб ва 69 моддадан иборат.
Лойиҳадаги муҳим ўзгаришлардан бири чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона мезонига тааллуқли. Амалдаги қонунда корхона капиталининг камида 15 фоизи хорижий инвестициялардан иборат бўлса, у чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ҳисобланади. Кодекс лойиҳасида бу чегара 10 фоизгача туширилмоқда.
Шунингдек, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси тушунчаси ҳам аниқроқ белгиланмоқда. Инвестор Ўзбекистондаги юридик шахснинг камида 10 фоиз овоз берувчи улушини сотиб олса, бу тўғридан-тўғри инвестиция сифатида баҳоланади.
Ягона инвестиция электрон тизими жорий этилади
Кодексда инвестиция жараёнларини Инвестициялар ягона электрон тизимига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Ҳукумат ва ҳокимликлар билан инвестиция шартномаларини тузиш, қўшимча кафолатларни сўраш, ҳужжатларни келишиш ҳамда мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш ушбу тизим орқали амалга оширилади.
Тизимда инвестиция фаолияти реестри ҳам шакллантирилади. Унда инвесторнинг номи ва тажрибаси, лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, киритилган инвестиция ҳажми, тақдим этилган имтиёзлар ҳамда мажбуриятларнинг бажарилиш ҳолати қайд этилади.
Бундан ташқари, ҳар бир инвесторга лойиҳа ишга туширилгунига қадар ҳамроҳлик қиладиган “инвестиция менежери” бириктирилиши мумкин. У ер олиш, инфратузилмага уланиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда инвесторга кўмаклашади.
Алоҳида Инвестиция омбудсмани институтини ташкил этилиши мумкин
Лойиҳада алоҳида Инвестиция омбудсмани институтини ташкил этиш назарда тутилган. Омбудсман президент томонидан беш йилга тайинланади, давлат органларидан мустақил фаолият юритади ва президент олдида ҳисобдор бўлади.
Инвесторларнинг шикоятлари 30 кун ичида кўриб чиқилиши керак. Қўшимча текширув зарур бўлса, бу муддат 60 кунгача узайтирилиши мумкин. Омбудсманнинг давлат органига юборган тавсияси 15 кун ичида мажбурий кўриб чиқилади. Тавсияни бажармаслик ёки зарур маълумотларни тақдим этмаслик мансабдор шахсни интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкин.
Айни пайтда кодекс Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг инвесторлар мурожаатларини кўриб чиқиш ваколатларини ҳам сақлаб қолмоқда. Шу сабабли икки институтнинг айрим вазифалари (шикоятларни кўриб чиқиш, низоларни судгача ҳал этиш ва давлат органларига тақдимнома киритиш) бир-бирини такрорлаши мумкин. Лойиҳада улар ўртасидаги ваколатлар чегараси тўлиқ очиб берилмаган.
Инвестиция низолари бўйича эрта огоҳлантириш тизими ҳам яратилади. Потенциал низолар алоҳида реестрда ҳисобга олиниб, муаммо аниқланса, инвестор, Инвестиция омбудсмани ва Адлия вазирлиги хабардор қилинади.
Хорижий инвесторларнинг халқаро арбитражга чиқиш шартлари белгиланмоқда
Инвестор ва давлат органи суд ёки арбитражга чиқишдан олдин музокара ҳамда медиация орқали келишишга ҳаракат қилиши шарт бўлади. Медиация, тарафлар бошқа муддатни келишмаса, 90 кундан ошмаслиги керак.
Хорижий инвестор Ўзбекистонга қарши халқаро инвестиция арбитражига фақат давлатнинг ёзма розилиги мавжуд бўлганда мурожаат қилиши мумкин. Бундан ташқари, инвестор музокара ва медиациядан ўтган, тегишли давлат судига мурожаат қилган ҳамда белгиланган “совутиш даври”га риоя қилган бўлиши талаб этилади.
Кодексда “Яшил лойиҳа” мақоми ҳам жорий этилиши мумкин. Экологик тоза ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергия, сув тежовчи технологиялар, таълим, инсон капитали ва илмий тадқиқотларга йўналтирилган инвестициялар қўшимча рағбатлантирилиши кўзда тутилган.
“Фахрий фуқаро” мақоми
Йирик инвестиция киритган ёки Ўзбекистонда хайрия фаолияти билан шуғулланган чет элликларга “Фахрий фуқаро” мақомини бериш ҳам таклиф қилинмоқда. Бироқ лойиҳа бу мақом қандай ҳуқуқ ёки имтиёз беришини белгиламайди. Унинг тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши назарда тутилган.
Хориждаги стратегик лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Кодекс Ўзбекистон резидентларининг хориждаги стратегик лойиҳаларини ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имконини беради. Бундай лойиҳаларга сиёсий таваккалчиликлар бўйича кафолат, суғурталашга кўмак ва айрим харажатлар учун субсидия берилиши мумкин.
Бунда давлат қўллаб-қувватлови портфелининг умумий ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан, бир йилда бериладиган янги кафолатлар эса ЯИМнинг 0,1 фоизидан ошмаслиги керак.
Лойиҳа қабул қилинса, Инвестиция кодекси расмий эълон қилинган кундан олти ой ўтиб кучга киради. Жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 4 августга қадар давом этади.









