Ўзбекистонда гибрид Chevrolet Equinox сотуви бошланди. Нархлар
UzAuto Motors Ўзбекистонда Chevrolet брендининг илк ташқи тармоқдан қувватланувчи гибрид автомобили — Equinox PHEV сотувини бошлади. Модель икки комплектацияда таклиф этилиб, нархи 463,5 млн сўмдан бошланади. Автомобиль тўлиқ қувватланган батарея ва ёқилғи баки билан 1 000 км дан ортиқ масофани босиб ўтиши мумкин.

UzAuto Motors Ўзбекистонда Chevrolet бренди остидаги илк ташқи тармоқдан қувватланувчи гибрид — Equinox PHEV сотувини бошлади.
Chevrolet Equinox PHEV Ўзбекистон бозорида Activ 80KM ва Activ 120KM комплектацияларида сотилади. Биринчи вариант 463,5 млн сўм, каттароқ батареяга эга версия эса 478,5 млн сўм этиб белгиланган. Икки комплектация ўртасидаги нарх фарқи 15 млн сўм ёки қарийб 3,2 фоизни ташкил этади.

Equinox PHEV оддий гибриддан фарқли равишда ташқи электр тармоғидан қувватланади. Activ 80KM версиясига 17 кВт·соатли LFP батарея ўрнатилган бўлиб, у фақат электр энергиясида 80 км гача юради. Activ 120KM’да эса батарея сиғими 24 кВт·соатга етади ва электр режимидаги масофа 120 км гача ошади.

Шу тариқа, қимматроқ комплектация учун 15 млн сўм қўшимча тўлов эвазига батарея сиғими қарийб 41 фоизга, электр қувватида юриш масофаси эса 50 фоизга кўпроқ бўлади.
Батарея тўлиқ қувватланган ва ёқилғи баки тўлдирилган ҳолатда автомобилнинг умумий юриш захираси 1 000 км дан ошади.
Автомобиль 1,5 литрли турбо бензин двигатели, 188 от кучига эга электромотор ва икки поғонали DHT гибрид трансмиссияси билан жиҳозланган. UzAuto Motors умумий тизим қувватини алоҳида кўрсатмаган.

Equinox PHEV’да адаптив круиз-контроль, автоматик фавқулодда тормозлаш, автомобилни ҳаракат бўлагида ушлаб туриш, кўринмас зоналарни кузатиш, 360 даражали камера, олтита хавфсизлик ёстиқчаси ва йўл белгиларини аниқлаш тизими мавжуд.

Салонда 11 дюймли рақамли қурилмалар панели ва шунча ўлчамдаги сенсорли мультимедиа экрани ўрнатилган. Шунингдек, Apple CarPlay, симсиз қувватлаш, панорамали люк ҳамда олд ўриндиқларни иситиш ва вентиляция қилиш функциялари мавжуд.

Equinox PHEV UzAuto Motors томонидан Ўзбекистонда расман сотувга чиқарилаётган Chevrolet брендининг биринчи plug-in гибрид модели бўлади.










