Ўзбекистонда чакана савдодаги чегирмалар учун янги қоидалар жорий қилинди
Янги қоидаларга кўра, сотувчилар чегирма эълон қилишдан олдин нархлар тарихини юритиши, сўнгги 30 кун ичидаги энг паст нархни асос сифатида кўрсатиши ва солиқ органларига олдиндан хабар бериши шарт бўлади. Шу билан бирга, сунъий чегирмалар яъни нархни аввал ошириб, кейин тушириш орқали истеъмолчининг ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари қатъиян тақиқланади.

Ўзбекистонда чакана савдода ўтказиладиган акциялар ва чегирмалар учун янги ҳуқуқий тартиб белгиланди. Бу ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланди.
Мазкур қарорга кўра, савдо қоидалари “рағбатлантирувчи акция”, “нархнома”, “чегирма нарх” ва “чегирма нархгача” каби янги тушунчалар билан тўлдирилди.
Шунингдек, сотувчилар истеъмолчилар қизиқишини ошириш ёки савдо ҳажмини кўпайтириш мақсадида ўз товарларига рағбатлантирувчи акциялар ёки чегирмалар қўллашлари мумкин. Бироқ бу тартиб алкоголь, пиво, вино, тамаки маҳсулотлари ҳамда никотин воситаларига татбиқ этилмайди.
Чегирмалар эълон қилинишида қуйидаги талаблар белгиланди:
- Аввалги нарх — сўнгги 30 кун ичидаги энг паст нарх бўлиши керак (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари);
- Чегирма нархи одатдаги нархдан катта шрифтда ёзилиши мумкин эмас (агар нархнома мавжуд бўлса);
- Сунъий чегирма — нархни аввал ошириб, кейин тушириб кўрсатиш орқали истеъмолчини чалғитиш қатъиян тақиқланади;
- Солиқ органларига хабар — акция ёки чегирма ҳақида камида 10 кун олдин тақдим этилиши шарт;
- Ҳисоб юритиш — сотувчи чегирма эълон қилишдан олдин товар ва нархлар ҳисобини юритиши ҳамда сўнгги 30 кун ичидаги амалдаги нархларни қайд этиши лозим;
- Шаффофлик — акция муддати, шартлари, товар номлари, нархи ва имтиёзлар ҳақида истеъмолчига аниқ ва тушунарли маълумот берилиши керак;
- Товар захираси — акция амал қиладиган муддат давомида етарли миқдорда бўлиши таъминланиши зарур;
- Шахсий маълумотлар — агар чегирма учун истеъмолчидан шахсий маълумотлар талаб қилинса, сотувчи уларни қонун талабларига мувофиқ қайта ишлаши ва мақсади ҳақида хабардор қилиши шарт.
Рағбатлантирувчи акция ва чегирмалар бўйича белгиланган талабларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари қўлланилади.









