Ўзбекистонда автомобиль импорти кескин камаймоқда
Биргина март ойида автомобиллар импорти 1,6 баробарга камайди.
Шу билан бирга, гибрид автомобиллар импорти ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 23 баробарга пасайди.
Жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича эса мамлакатга олиб келинган автомобиллар сони 3,2 баробарга, импорт қиймати эса 4,2 баробарга қисқарган.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил март ойида Ўзбекистон жами қиймати 39,31 миллионлик 2 506 дона автомобиль импорт қилган. Бу ўтган йилининг мос даври билан солиштирганда қиймат бўйича 2,7 баробар, автомобиллар сони бўйича эса 1,6 баробарга камроқдир.
Сегментлар бўйича бензинли автомобиллар энг катта қисқариш билан ажралиб турди — жами 1 402 та машина импорт қилинган(1,8 баробар пасайиш). Пул кўринишида эса импорт $53,4 миллиондан $25,3 миллионгача тушиб кетди (2,1 баробар камайиш). Шу билан бирга, ўртача нарх 15 фоизга арзонлашиб, $18,08 мингни ташкил қилган.
Электрда ҳаракатланувчи автомобиллар импорти ҳам қисқарди. Ўтган ойда 1 104 та электромобиль олиб келинган — бу 1,5 баробардан кўпроқ пасайиш демакдир (олдинги ойда 1 689 та эди). Уларнинг умумий қиймати уч баробарга камайиб, $13,2 миллионга тенг бўлди. Ўртача нарх эса деярли икки баробар арзонлашиб, $12 мингга тушди
Мазкур рақамлар Ўзбекистонликлар нафақат камроқ автомобиль импорт қилаётганини, балки хорижийдан эндиликда арзонроқ машиналар кираётганини билдиради.
Гибрид автомобиллар импорти янада кескин тушган. Март ойида атиги 25 дона гибрид машина олиб келинган, бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 23 баробар кам. Умумий қиймат қарийб 19 баробарга камайиб, $712 мингни ташкил этган. Айни пайтда бу сегментда ўртача нарх ошган - $23,3 мингдан $28,4 минггача.
Умуман олганда, 2025 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонга олиб кирилган енгил автомобиллар сони 6 794 тани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 баробар кам. Етказиб бериш қиймати эса 4,2 баробарга камайиб, $115 миллионга тушган.
Чорак давомида бензинли автомобиллар импорти 3,5 бараварга қисқарган, электромобиллар 1,9 бараварга, гибрид автомобиллар эса деярли 24 баробарга камайган.
Шунингдек, январь-март ойларида Ўзбекистон дизель двигателли енгил автомобилларни умуман импорт қилмаган. Бу эса бозорнинг ушбу турдаги машиналарга бўлган қизиқиши мутлақо сустлашганини кўрсатмоқда.