Ўзбекистонда АҚШ молия институтлари иштирокида рақамли банк очилиши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида АҚШ Эксимбанки ва Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси раҳбарлари билан учрашди. Музокараларда Ўзбекистонда рақамли банкни ишга тушириш, янги халқаро аэропорт, дата-марказлар ва қуруқ портлар қуриш каби йирик лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Ёванович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бен Блек билан учрашди.
Учрашув аввалида АҚШ вакиллари давлат раҳбарига Президент Доналд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокараларда АҚШ молия институтларининг Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, муҳим минералларни ўзлаштириш, энергетика тармоғини модернизация қилиш, сунъий интеллектни жорий этиш ва иқтисодиётни рақамлаштиришга қаратилган стратегик лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштироки муҳокама қилинди.
АҚШ Эксимбанки билан энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларнинг устувор йўналишлардаги лойиҳалари учун экспорт кредитлари ажратишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
DFC томонидан соғлиқни сақлаш, энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш ташаббуси билдирилди. Ўзбекистон томони ушбу таклифни қўллаб-қувватлади.
Томонлар қуйидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий босқичига ўтиш зарурлигини қайд этди:
- Тошкентда янги халқаро аэропорт қуриш;
- Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини ташкил этиш;
- рақамли банкни ишга тушириш;
- дата-марказлар барпо этиш;
- қуруқ портлар инфратузилмасини яратиш.
Учрашув якунида муҳокама қилинган инвестициявий ва технологик лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олинди.









