11 847.160 so‘m

increase

52.280

13 843.410 so‘m

increase

157.810

141.440 so‘m

increase

2.770

11 847.160 so‘m

increase

52.280

2 соат аввал
Иқтисодиёт
59

Ўзбекистон захираларидаги олтин улуши дунёдаги энг юқори — Fitch

Fitch Ўзбекистонни олтин нархининг ўсишидан энг кўп фойда кўрган, айни пайтда унинг кескин пасайишига энг таъсирчан мамлакатлардан бири сифатида баҳолади. 

Олтин халқаро захираларнинг 87,2 фоизи ва товар экспортининг 41 фоизини ташкил этгани сабабли, нархлар тушиши захиралар қиймати ҳамда экспорт тушумларини бир вақтда камайтириши мумкин.

Ўзбекистон захираларидаги олтин улуши дунёдаги энг юқори — Fitch

Fitch Ratings Ўзбекистон халқаро захиралари таркибидаги олтин улуши бўйича дунёда биринчи ўринда туришини маълум қилди.

Агентликка кўра, олтин нархининг ўсиши ва марказий банклар томонидан қимматбаҳо металл харид қилиниши Кавказ ва Марказий Осиё давлатларининг ташқи молиявий захираларини сезиларли даражада мустаҳкамлаган.

Минтақадаги халқаро захиралар 2023 йилдан бери кескин ошди. Олтин харидлари ва мавжуд захираларнинг нархи кўтарилиши ушбу ўсишнинг асосий қисмини таъминлади.

Fitch олтиннинг юқори улушини ташқи иқтисодий зарбаларга қарши қўшимча ҳимоя сифатида баҳоламоқда. Бу, айниқса, жорий ҳисоб тақчиллиги, хорижий валютадаги қарзлар ва молия тизимидаги долларлашув тарихан юқори бўлган минтақа учун муҳим.

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2026 йил 1 август ҳолатига 64,35 млрд долларни ташкил этган. Шундан 56,12 млрд доллари ёки 87,2 фоизи монетар олтин ҳиссасига тўғри келади.

Июль ойининг ўзида захиралар 589,8 млн долларга кўпайган. Бунда олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи 4 016,7 доллардан 4 052,2 долларгача кўтарилиши захиралар қийматига қарийб 490 млн доллар қўшган. Яъни ойлик ўсишнинг 83 фоизга яқини олтин нархидаги ўзгариш билан боғлиқ.

Олтин Ўзбекистоннинг нафақат захиралари, балки экспорт тушумларида ҳам катта ўрин эгаллайди. Fitch ҳисоб-китобига кўра, 2025 йилда қимматбаҳо металл мамлакат товар экспортининг 41 фоизини таъминлаган.

Олтин экспортидан тушумларнинг ошиши 2023–2025 йилларда Ўзбекистоннинг жорий ҳисоб тақчиллиги сезиларли қисқаришига ёрдам берди. Натижада мамлакатнинг ташқи тўловларни қоплаш имконияти яхшиланди.

Бироқ айнан шу юқори улуш тескари хавфни ҳам юзага келтирмоқда. Олтин кескин арзонласа, бир вақтнинг ўзида захиралар қиймати, экспорт тушумлари, номинал ялпи ички маҳсулот ва бюджет кўрсаткичларига босим кучайиши мумкин.

Масалан, бошқа омиллар ўзгармаган шароитда олтин нархининг 10 фоизга пасайиши захираларнинг олтин қисмини қарийб 5,6 млрд долларга камайтиради. Бу жами халқаро захиралар қийматининг тахминан 8,7 фоизига тенг. Бу ҳисоб-китоб сценарий бўлиб, Fitch прогнози ҳисобланмайди.

Агентлик олтин нархининг пасайиши Ўзбекистон ва Қирғизистон учун минтақадаги бошқа давлатларга қараганда каттароқ хавф туғдиришини қайд этди. Шунга қарамай, Fitch олтиннинг арзонлашиши ўз-ўзидан ушбу мамлакатлар суверен кредит рейтингини тушириш учун етарли бўлмайди, деб ҳисобламоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+