Ўзбекистон халқаро олтин-валюта захиралари $50 млрдга яқинлашди
Захиралар таркибидаги олтиннинг умумий қиймати $772,6 млнга ошиб, $37,65 млрдга етди.
Шунга қарамай, олтиннинг физик ҳажми пасайишда давом этмоқда — апрель ойида 11,82 млн троя унциядан 11,46 млн троя унциягача камайди.

Ўзбекистоннинг халқаро олтин-валюта захиралари рекорд даражага етди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган навбатдаги ҳисоботда маълум қилинди.
2025 йил 1 май ҳолатига кўра, мамлакатнинг умумий захиралари $49,25 млрдни ташкил этган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 1,4 миллиард долларга кўпроқдир.
Кўрсаткичлар | 1 январь 2025 | 1 апрель 2025 | 1 май 2025 |
Расмий захира активлари (млрд $) | 41,2 | 47,9 | 49,2 |
Олтин (млрд $) | 32,03 | 36,88 | 37,65 |
Соф ҳажми (млн троя унция) | 12,3 | 11,8 | 11,4 |
Хорижий валютадаги захира активлари (млрд $) | 8,6 | 10,41 | 11,03 |
Изоҳ: кўрсаткичлар яхлитланган.
Захиралар таркибидаги олтиннинг умумий қиймати $772,6 млнга ошиб, $37,65 млрдга етди. Шунга қарамай, олтиннинг физик ҳажми пасайишда давом этмоқда — апрель ойида 11,82 млн троя унциядан 11,46 млн троя унциягача камайди. Бу ҳолат, асосан, олтин экспорти ҳажмининг ошиши билан изоҳланади.
Валюта захиралари ҳам ўсишда давом этмоқда. Апрель ойида улар қарийб $0,6 млрдга ортиб, 11,03 миллиард долларга етди.
Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар ҳажми апрель ойида кескин — 3,5 баравар ошиб, $703,9 млнни ташкил этди.
Аввалроқ, Жаҳон олтин кенгаши Ўзбекистон 2025 йилнинг биринчи чорагида дунёдаги энг йирик олтин сотувчиси бўлганини маълум қилганди.