12 067.760 so‘m

decrease

-70.910

14 141.000 so‘m

decrease

-35.750

145.640 so‘m

increase

0.280

12 067.760 so‘m

decrease

-70.910

22 сентябрь, 16:37
Иқтисодиёт

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 8 ойда $51 млрддан ошди

Экспорт ҳажми 22,9 млрдга етган бўлса, импорт 28,4 млрдни ташкил қилди. Шу даврда Хитой ва Қозоғистонга экспорт қисқарган бўлса, Афғонистон ва Туркияга экспорт кескин ўсди. Умумий савдо айланмасида энг йирик ҳамкор Хитой ва Россия бўлиб турибди.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 8 ойда $51 млрддан ошди
Фото: AI / Pinkod.uz

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида Ўзбекистон ташқи савдо ҳажми $51,4 млрдни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга юқори бўлиб, қарийб $8,4 млрдлик ўсишга тенгдир.

Ташқи савдо балансида салбий фарқ сақланиб қолди. 8 ой якунида дефицит $5,4 млрд даражасида қайд этилди.

Экспорт ҳажми $22,9 млрдни ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 31,3 фоизга кўпайди. Экспорт таркибида асосий улуш олтин ҳиссасига тўғри келиб, 8 ой давомида $8,4 млрдлик олтин сотилди (2024 йилда бу кўрсаткич $5 млрд эди). Фақат август ойида олтин экспорти $836 млнни ташкил қилди.

Олтиндан ташқари экспорт таркибида саноат маҳсулотлари (11,1 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари (7,8 фоиз), кимёвий маҳсулотлар (5,9 фоиз) ҳамда ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари (4,4 фоиз) етакчи ўринда турди.

Экспорт бўйича асосий ҳамкор мамлакатлар ичида Россия (12,5 фоиз), Хитой (5,4 фоиз) ва Қозоғистон (4 фоиз) етакчилик қилди. Бироқ ойлик экспорт кўрсаткичлари мамлакатлар кесимида турлича бўлди. 

Жумладан, Хитойга экспорт 23,5 фоизга, Қозоғистонга 29,3 фоизга, Қирғизистонга эса 16,2 фоизга камайди. Аксинча, Афғонистонга экспорт 55,4 фоизга ошиб, энг юқори ўсиш суръатини қайд этди. Шунингдек, Туркияга экспорт 40 фоизга, Россияга эса 13,8 фоизга ўсди.

Импорт ҳажми ҳам ортиб, 11,8 фоизга кўпайди ва $28,4 млрдни ташкил этди. Импорт таркибида машина ва транспорт ускуналари (33,8 фоиз), саноат маҳсулотлари (16,1 фоиз) ҳамда кимёвий маҳсулотлар (12,6 фоиз) энг катта улушни эгаллади.

Импорт бўйича асосий ҳамкорлар қаторида Хитой (29,7 фоиз), Россия (19,1 фоиз) ва Қозоғистон (7,4 фоиз) етакчи бўлиб қолмоқда. 

Умумий ташқи савдо айланмасида ҳам энг йирик ҳамкор мамлакат Хитой ҳисобланади — унинг улуши 18,9 фоизни ташкил қилмоқда. Кейинги ўринларда Россия (16,1 фоиз) ва Қозоғистон (5,9 фоиз) қайд этилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+