Ўзбекистон суверен исломий облигациялар чиқаради — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон инвестиция манбаларини диверсификация қилиш учун суверен ислом облигациялари — сукук дастурини ишга туширади. Капитал бозоридаги янги ислоҳотлар келгусида маҳаллий корхоналарга камида 10 млрд доллар қўшимча капитал жалб қилиш имконини бериши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида капитал бозорини ривожлантириш ва муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш бўйича янги ташаббусларни эълон қилди.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича, ўтган даврда Ўзбекистон томонидан халқаро бозорларда 16 млрд доллардан зиёд облигациялар жойлаштирилган. Шунингдек, миллий валютадаги корпоратив еврооблигациялар ҳам муомалага киритилган.
Илк бор 13 та стратегик корхона активларини бирлаштирган Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акциялари Тошкент ва Лондон фонд биржаларига чиқарилди. Президент бу жойлаштириш Лондон фонд биржасида сўнгги беш йилдаги энг йирик IPO бўлганини таъкидлади.
Айни пайтда яна қатор йирик компанияларни маҳаллий ва халқаро фонд бозорларига олиб чиқишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Капитал бозоридаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида “Капитал бозори тўғрисида”ги ҳамда “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро клиринг компанияларининг фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратилади. Бу маҳаллий қимматли қоғозлар бозорининг халқаро молия тизимига интеграциялашувини тезлаштириши мумкин.
Инвестиция оқимларини диверсификация қилишнинг яна бир йўналиши сифатида суверен ислом облигациялари — сукук дастурини амалга ошириш бошланади. Сукук анъанавий облигациялардан фарқли равишда фоиз тўловига эмас, муайян актив ёки лойиҳадан олинадиган даромадга асосланади.
Президентнинг таъкидлашича, капитал бозори, клиринг тизими ва муқобил молия воситалари бўйича режалаштирилаётган чоралар маҳаллий корхоналарга келгусида камида 10 млрд доллар қўшимча капитал олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, хусусийлаштириш дастури доирасида 2026 йилнинг ўзида 6 млрд долларлик кўчмас мулк объектлари, корхоналардаги давлат улушлари ва ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.
Давлат раҳбари маҳаллий ва хорижий инвесторларни Ўзбекистон капитал бозори ва хусусийлаштириш жараёнида яратилаётган янги имкониятлардан фаол фойдаланишга чақирди.









