Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда қанчага ўсиши кутилмоқда? — ЙТТБ прогнози
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) янги ҳисоботида Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон иқтисодиёти бўйича прогнозларини эълон қилди. Унда Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,7 фоиз, 2026 йилда эса 6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон иқтисодиёти 2025 йилда ўртача 6,1 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Бу ҳақда банкнинг минтақавий иқтисодий кўрсаткичларга бағишланган ҳисоботида қайд этилган.
Барқарор ўсишнинг асосий омиллари сифатида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши, ички талабнинг юқорилиги, инвестициялар оқими, реал иш ҳақларининг ошиши ҳамда пул ўтказмаларининг сезиларли ҳажми кўрсатиб ўтилган.
2026 йилда ҳам ижобий динамикага эришилиши кутилмоқда, бироқ иқтисодий ўсиш суръатлари 5,2% гача пасайиши эҳтимол қилинмоқда. Ҳисоботда асосий хатарлар сифатида хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги, пул ўтказмаларига юқори даражадаги боғлиқлик ва Россия ҳамда Хитой бозорларига доимий қарамлик таъкидланган.
ЙТТБ маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилнинг биринчи ярмида 7,2 фоизгача тезлашган. Бунга кучли ички талаб, реал иш ҳақларининг ўсиши ва пул ўтказмаларининг 28,7 фоизга кўпайиши хизмат қилган. Натижада хизматлар сектори 8,2 фоизга кенгайди.
Шунингдек, озиқ-овқат ва металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқаришининг ўсиши саноат кўрсаткичларини яхшилаган. Тоғ-конь соҳаси эса жаҳон бозорида олтин нархларининг ошиши ҳисобига фойда кўриб, табиий газ қазиб олишдаги пасайишни қоплашга ёрдам берди.
Прогнозларга кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2025 йилда 6,7 фоиз, 2026 йилда эса 6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бунга кучли ички истеъмол, инвестициялар оқими ва хорижий капитал иштирокида диверсификацияланган ишлаб чиқаришнинг барқарор кенгайиши асос бўлади.
Шунингдек, ЙТТБ прогнозларига кўра:
- Қозоғистон иқтисодиёти 2025 йилда 5,7 фоиз, 2026 йилда 4,5 фоизга ўсади;
- Қирғизистон — мос равишда 9 фоиз ва 6 фоиз;
- Мўғулистон — 5,8 фоиз ва 5,5 фоиз;
- Тожикистон — 7,5 фоиз ва 5,7 фоиз;
- Туркманистон эса 2025–2026 йилларда ўртача 6,3 фоиз ўсиш суръатини сақлаб қолиши кутилмоқда.