Ўзбекистон дунёда сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган давлатлар қаторига кирди
2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонга келган халқаро туристлар сони 2019 йилга нисбатан 73 фоизга ошди. Ушбу кўрсаткич билан мамлакат дунё миқёсида энг тез ўсаётган сайёҳлик йўналишлари орасида 6-ўринни эгаллади. Ўзбекистон шунингдек Европада энг юқори ўсиш қайд этилган давлатлар қаторидан жой олди.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунё миқёсида энг юқори ўсиш қайд этилган топ-20 давлат қаторидан жой олди.
Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатга келган халқаро туристлар сони 2019 йилга нисбатан 73 фоизга ошган. Ушбу кўрсаткич билан Ўзбекистон дунё бўйича энг тез ўсаётган сайёҳлик йўналишлари рейтингида 6-ўринни эгаллади.

Рейтингнинг юқори поғоналаридан Бутан (+203%), Қатар (+138%), Салвадор (+88%), Албания (+83%) ва Баҳрайн (+76%) жой олди.
Шунингдек, Ўзбекистон жорий йилнинг тўққиз ойида Европада энг тез ўсиш қайд этилган 10 та сайёҳлик йўналишидан бири бўлди. Январь–сентябрь ойларида мамлакатга келган халқаро туристлар сони 2024 йилга нисбатан 13 фоизга ошди. Бу кўрсаткич Европа минтақасида Исроил (+23%), Финляндия (+15%) ва Норвегия (+14%)дан кейинги тўртинчи энг юқори натижа ҳисобланади.

2019 йилга нисбатан 73 фоизлик ўсиш билан Ўзбекистон Европадаги энг яхши кўрсаткич қайд этган давлатлар орасида 2-ўринни эгаллади. Биринчи поғона Албания (+83%)га тўғри келди.
2025-yilning 11 oyida O‘zbekistonga 10,7 milliondan ortiq xorijiy sayyoh tashrif buyurdi. Aprel oyidan boshlab tarixda birinchi marta har oyda 1 milliondan ortiq turist mamlakatga kelmoqda. Turistik xizmatlar eksportidan olingan daromadlar 4,4 milliard dollardan oshdi.









