Ўзбекистон банклари 2025 йилнинг дастлабки икки ойида 2,24 трлн сўм соф фойда кўрди
Бу натижа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баробар кўпроқдир.

Ўзбекистон банклари 2025 йил январь-февраль ойларида жами 2,24 трлн сўм соф фойда олди. Бу ҳақда Марказий банкнинг банк тизими даромадлилик кўрсаткичлари тўғрисидаги ҳисоботида келтириб ўтилган.
Мазкур кўрсаткич 2024 йилнинг шу даври билан солиштирилганда деярли икки бараварга юқори. Ўтган йилнинг дастлабки икки ойида банклар жами 1,24 трлн сўм соф фойда қайд этган эди. Шунингдек, бу натижа 2023 йилдаги 2 трлн сўмлик соф фойдадан ҳам юқори.
Мазкур даврда банкларнинг умумий даромади 18,9 трлн сўмни ташкил этди.
Соф фойданинг ошиши натижасида банк тизимининг даромадлилик кўрсаткичлари ҳам сезиларли яхшиланди. Банклар капитал рентабеллиги (РОЭ) 7,0 фоиздан 11,6 фоизгача ошди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда банклар соф фойдаси сезиларли даражада камайган эди. Йил давомида улар жами 6,9 трлн сўм соф фойда кўрган бўлиб, бу 2023 йилдаги натижага нисбатан 5,4 трлн сўмга камдир.
Ўша вақтда фойда камайиши асосан давлат улуши мавжуд банклар ҳисобига тўғри келиб, 9 та банкдан 6 таси йилни зарар билан якунлаган эди.
2025 йилда эса банклар молиявий ҳолати яхшиланмоқда. Йилнинг дастлабки икки ойида улар ўтган йилги жами фойданинг учдан бир қисмини шакллантиришга муваффақ бўлишди.