Ўзбекистон банклари 11 ойда 13,5 трлн сўм соф фойда олди
Марказий банк маълумотларига кўра, банкларнинг 11 ойдаги соф фойдаси 13,5 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,6 баробарга ошди. Ҳисобот даврида фоизли даромадлар 115,8 трлн сўмни, фоизсиз даромадлар эса 64,8 трлн сўмни ташкил этган.

Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг 11 ойи якунларига кўра Ўзбекистон банк тизимининг соф фойдаси 13,5 трлн сўмни ташкил этди.
Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 8,6 трлн сўм бўлган. Натижада банклар фойдаси ўтган йилга нисбатан қарийб 1,6 баробарга ошди.
Ҳисобот даврида банкларнинг даромадлари таркибида ҳам фоизли, ҳам фоизсиз тушумлар сезиларли ўсишни қайд этди. Хусусан, фоизли даромадлар 115,8 трлн сўмга етиб, ўтган йилги 101 трлн сўм билан солиштирганда сезиларли ошган. Фоизсиз даромадлар эса 64,8 трлн сўмни ташкил этди (2024 йилда — 47,2 трлн сўм).
Даромадлар билан бир қаторда банкларнинг харажатлари ҳам ошган. Жумладан, омонатлар ва жалб қилинган маблағлар бўйича тўланган фоиз харажатлари 81,2 трлн сўмга етди. Операцион харажатлар ҳажми эса 26,2 трлн сўмни ташкил этди.
Шунингдек, кредит ва лизинг операциялари бўйича юзага келиши мумкин бўлган йўқотишларни қоплаш мақсадида банклар 21,6 трлн сўм миқдорида захира шакллантирди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 19,7 трлн сўм бўлган.
Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан давлат бюджетига 2,57 трлн сўм миқдорида солиқлар тўланган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 117 млрд сўмга кўпдир.









