12 123.380 so‘m

increase

51.350

14 094.640 so‘m

increase

77.810

149.190 so‘m

increase

1.180

12 123.380 so‘m

increase

51.350

3 кун аввал
Иқтисодиёт

Ўзбекистон 2025 йилда Европа ва Марказий Осиёда энг тез ўсаётган бешта иқтисодиётдан бири бўлади

Жаҳон банкига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 6,2 фоизга, 2026 йилда эса 6 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар минтақадаги ўртача ўсиш суръатлари (2025-йилда 2,4%, 2026-йилда 2,6%)дан икки баравар юқорироқдир.

Ўзбекистон 2025 йилда Европа ва Марказий Осиёда энг тез ўсаётган бешта иқтисодиётдан бири бўлади
Фото: AI / Pinkod.uz

Жаҳон банкининг “Европа ва Марказий Осиё иқтисодиёти: бандлик ва фаровонлик” номли сўнгги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасида энг тез ўсаётган бешта мамлакат қаторига киради.

Ҳисоботда таъкидланишича, бозорлари шаклланаётган ва иқтисодиёти ривожланаётган ЕМО давлатларида иқтисодий ўсиш суръатлари бироз секинлашган. Шунга қарамай, глобал ва минтақавий таҳдидларга қарамасдан, ушбу мамлакатлар иқтисодиётида барқарорлик тенденциялари сақланиб қолмоқда.

Минтақада 2025-йилги иқтисодий ўсиш суръати 2024 йилдаги 3,7% кўрсаткичдан паст бўлиши, яъни 2,4% атрофида қайд этилиши кутилмоқда. 2026–2027 йилларда эса бу кўрсаткич ўртача 2,6% бўлиши прогноз қилинмоқда. Ўсиш асосан истеъмол, иш ҳақлари, пул ўтказмалари, инфратузилма инвестициялари ва савдо ҳажмининг тикланиши ҳисобига таъминланади.

Бироқ тузилмавий ислоҳотларнинг сустлиги, геосиёсий хатарлар, савдо зиддиятлари ва инфляция минтақа иқтисодиётлари учун асосий хавф бўлиб қолмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиш суръатлари ЕМО минтақасида кетма-кет учинчи йил энг юқори бўлиб қолмоқда. Прогнозларга кўра, 2025 йилда субминтақада ўсиш 5,9 фоизни ташки этади, бироқ 2026 йилда бу кўрсаткич 5 фоизгача пасайиши мумкин.

Ўзбекистон 2025 ва 2026 йилларда ҳам ЕМО минтақасида энг юқори ўсиш суръатларига эга бўлган бешта иқтисодиётдан бири бўлиб қолади. Мамлакат ЯИМининг ўсиши 2025 йилда 6,2%, 2026 йилда эса 6% бўлиши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар Жаҳон банкининг июнь ойидаги прогнозларига нисбатан мос равишда 0,3 ва 0,1 фоизга юқори.

Ҳисоботда қайд этилишича, Марказий Осиё давлатларида иқтисодиётнинг айрим тармоқларида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради. Ўзбекистон учун устувор йўналишлар сифатида кимё саноати, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ва мева-сабзавотчилик соҳаси кўрсатилган.

Кимё саноатида рақобатбардошлик ва энергия самарадорлигини ошириш ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тартибга солиш ва тижорат фаолиятини ажратиш, шунингдек, субсидиялар, нарх чекловлари ва экспорт назоратини босқичма-босқич бекор қилишга боғлиқ.

АКТ секторининг ривожланиш салоҳияти кенг полосали интернет қамровининг чекланганлиги ва фойдаланиш имкониятларининг етарли эмаслиги билан тўхтаб қолмоқда.

Мева-сабзавотчилик соҳасида эса халқаро стандартларни жорий этиш, сертификатлаш тизимини ривожлантириш, экспортда олдиндан тўлов талабларини бекор қилиш, замонавий суғориш технологияларига инвестициялар киритиш, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириш мумкин.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+