Олтин нархи тарихда илк бор 4 700 доллардан ошди
Жаҳон бозорида олтин нархи янги тарихий чўққига чиқди. 20 январь кунги савдоларда бир унсия олтин 4 700 доллардан ошди.

Олтин нархи 2026 йилда ҳам рекордларни янгилашда давом этмоқда. 20 январь куни жаҳон бозоридаги савдоларда олтиннинг бир унцияси нархи тарихда илк бор 4 700 доллардан ошди.

Савдолар чоғида қимматбаҳо металл нархи максимал даражада 4 717 долларгача кўтарилди. Хабар тайёрланаётган пайтда эса олтин 4 715 доллар атрофида савдо қилинмоқда.
Ўзбекистонда олтин нархлари
Жаҳондаги рекорд ўсиш ҳозирча Ўзбекистон бозорида тўлиқ акс этгани йўқ. Бироқ яқин кунлардаги савдоларда маҳаллий бозорда ҳам янги рекордлар қайд этилиши кутилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда олтин қуймаларининг нархлари қуйидагича:
Оғирлиги | Сотиш нархи | Қайтариб сотиб олиш нархи | |
| қадоғи бут ҳолатда | қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган ҳолатда. | ||
5 грамм | 9 244 000 сўм | 8 885 000 сўм | 8 795 000 сўм |
10 грамм | 18 488 000 сўм | 17 770 000 сўм | 17 590 000 сўм |
20 грамм | 36 975 000 сўм | 35 540 000 сўм | 35 181 000 сўм |
50 грамм | 92 439 000 сўм | 88 849 000 сўм | 87 951 000 сўм |
100 грамм | 184 877 000 сўм | 177 698 000 сўм | 175 903 000 сўм |
Олтин нархи нега ошмоқда?
Мутахассислар олтин нархининг кескин ошишини бир нечта омиллар билан изоҳламоқда. Хусусан, АҚШ ҳукумати ва Доналд Трамп томонидан Федерал захира тизими (ФЕД) мустақиллигига нисбатан билдирилаётган босимлар инвесторлар орасида хавотирни кучайтирмоқда. Айни пайтда FED раисига нисбатан жиноий иш очилгани ҳам бозорлардаги беқарорликни оширган.
Бундан ташқари, АҚШ ва Венесуэла ўртасидаги кескинлашаётган муносабатлар, шунингдек Доналд Трампнинг Гренландияни қандай бўлмасин АҚШ таркибига қўшиб олиш ҳақидаги баёнотлари ҳам геосиёсий рискларни кучайтирмоқда. Ушбу омиллар инвесторларни хавфсиз актив сифатида олтин томон йўналтириб, унинг нархини юқорига тортмоқда.









