Олтин нархи тарихда илк бор 3 800 доллардан ошди
Бу жараёнга АҚШ долларининг заифлашиши ҳамда Fed’нинг жорий йилда фоиз ставкасини яна пасайтириши эҳтимоли сабаб бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, глобал иқтисодий ноаниқлик ва инфляция хавотирлари фонида олтин “хавфсиз актив” сифатида янада қадрланмоқда.

Олтин нархи тарихда илк маротаба бир унция учун 3 800 доллардан юқорига чиқди. Бунга долларнинг заифлашиши ҳамда АҚШ Федерал резервининг жорий йилда фоиз ставкаларини яна пасайтириши ҳақидаги кутишлар сабаб бўлди.
Кунлик савдоларда спот олтин нархи 1,5 фоизга ошиб, унцияси $3 814,91 ни ташкил этди. АҚШнинг декабрь ойидаги олтин фьючерслари эса 0,9 фоизга кўтарилиб, $3 844 га етди.
Жаҳон бозорида доллар индекси йирик валюталарга нисбатан 0,2 фоизга пасайган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги кунларда АҚШ валютаси курси сезиларли даражада арзонлашмоқда. 29 сентябрь куни амалда бўлган расмий курс сўнгги икки йил ичидаги энг паст даражага тушди. Прогнозларга кўра, 30 сентябрь куни амал қиладиган курс 12 100 сўмдан паст бўлиши мумкин. Айрим тижорат банкларида доллар аллақачон 12 000 сўмдан арзонроқ нархда сотилмоқда.
Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи
Марказий банк муомалага чиқараётган олтин қуймалари қиймати ҳам ошди. Ҳозирда уларнинг нархлари қуйидагича:
- 5 грамм — 7 млн 615 минг сўм
- 10 грамм — 15 млн 230 минг сўм
- 20 грамм — 30 млн 460 минг сўм
- 50 грамм — 76 млн 150 минг сўм
- 100 грамм — 152 млн 301 минг сўм
Аввалроқ Pinkod жаҳон бозорида олтин нархи нега кўтарилаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди.