11 821.180 so‘m

increase

14.210

13 419.400 so‘m

decrease

-11.030

140.440 so‘m

increase

0.580

11 821.180 so‘m

increase

14.210

8 соат аввал
Иқтисодиёт
101

НКМК 6 ойда $2,38 млрд соф фойда олди — ўсиш 57%

НКМКнинг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги тушуми 49,9 фоизга ошиб, 7,07 млрд долларга етди. Олтин ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 фоизга камайганига қарамай, соф фойда 2,38 млрд долларни ташкил этди. Молиявий натижаларнинг яхшиланишига, асосан, жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши таъсир қилди.

НКМК 6 ойда $2,38 млрд соф фойда олди — ўсиш 57%

Навоий кон-металлургия комбинати 2026 йилнинг январь–июнь ойларида 7,07 млрд доллар тушум олди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 4,72 млрд долларга нисбатан 49,9 фоиз кўп.

Тушум ишлаб чиқариш ҳажмидан анча тез ўсган. Олти ойда НКМК 1,51 млн трой унцияси олтин ишлаб чиқарди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 1,54 млн унцияни ташкил этган. Шу тариқа, жисмоний ишлаб чиқариш 1,8 фоизга камайган бўлса-да, тушум қарийб ярмига кўпайган.

Компания ўсишнинг асосий омили сифатида Лондон қимматбаҳо металлар бозори — LBMAда олтин нархининг кўтарилишини кўрсатган.

НКМКнинг сотилган маҳсулот таннархи 32,4 фоизга ошиб, 2,41 млрд долларни ташкил этди. Бироқ тушум харажатларга нисбатан тезроқ ўсгани сабабли ялпи фойда 2,89 млрд доллардан 4,66 млрд долларга кўтарилди.

Кўрсаткич2026 йил I ярим йиллик2025 йил I ярим йилликЎзгариш
Тушум$7,07 млрд$4,72 млрд+49,9%
Ялпи фойда$4,66 млрд$2,89 млрд+60,9%
Операцион фойда$4,51 млрд$2,81 млрд+60,5%
Соф фойда$2,38 млрд$1,52 млрд+57,2%
Эълон қилинган дивидендлар$1,73 млрд$1,1 млрд+57,3%

Натижада ялпи фойда маржаси 61,4 фоиздан 65,9 фоизга чиқди.

Операцион фойда 60,5 фоизга ошиб, 4,51 млрд долларга етди. Солиқ тўлангунга қадар фойда эса 2,73 млрд доллардан 4,4 млрд долларга кўтарилган.

Даромад солиғи бўйича харажатлар 1,22 млрд доллардан 2,02 млрд долларга ошди. Шунга қарамай, соф фойда 1,52 млрд доллардан 2,38 млрд долларга етган. Соф фойда маржаси 32,1 фоиздан 33,7 фоизга яхшиланди.

Бу НКМК ҳар 100 доллар тушумдан қарийб 34 доллар соф фойда олганини англатади.

Давлатга 1,7 млрд доллар дивиденд

Ўзбекистон ҳукумати НКМКнинг ягона акциядори ҳисобланади. Компания олти ой давомида 1,73 млрд доллар дивиденд эълон қилган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 1,1 млрд долларга нисбатан 57,3 фоиз кўп ва ярим йиллик соф фойданинг қарийб 73 фоизига тенг.

Бундан ташқари, июль–сентябрь ойларида яна 310 млн доллар дивиденд эълон қилиниб, тўлиқ тўланган. Шу тариқа, 2026 йилда сентябрь охиригача эълон қилинган дивидендлар ҳажми 2,04 млрд долларга етган.

Дивиденд ва солиқларнинг кўпайиши пул оқимида ҳам кўринади. Операцион фаолиятдан олинган соф пул оқими фойда кескин ошганига қарамай, 3,4 фоизга камайиб, 2,51 млрд долларни ташкил этди. Бунга даромад солиғи учун тўловларнинг 358 млн доллардан 2,07 млрд долларга ошгани таъсир қилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+