My.gov.uz орқали банк карталарини бошқариш ва реклама қўнғироқларини блоклаш мумкин бўлади
2026 йил сентабр–ноябрь ойларидан My.gov.uz орқали виртуал карта очиш, ўз номидаги банк карталари ва телефон рақамларини бошқариш, шахсий маълумотларни автоматик янгилаш ҳамда реклама қўнғироқларини чеклаш имкониятлари босқичма-босқич жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли учун давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган қарорни имзолади. Ҳужжат билан кўчмас мулкни расмийлаштириш, банк карталарини бошқариш, шахсий маълумотларни янгилаш, реклама қўнғироқларини чеклаш ва кредит шартларини ошкор қилиш бўйича янги тартиблар белгиланмоқда.
My.gov.uz’да банк карталарини бошқариш мумкин бўлади
2026 йил 1 октябрдан бошлаб My.gov.uz’да фуқароларга тегишли телефон рақамлари ва банк карталарини бошқариш имкониятлари яратилади.
Фойдаланувчилар My.gov.uz орқали ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланаётган телефон рақамлари ҳақида маълумот олиши, ишлатилмаётган рақамларга хизмат кўрсатишни тўхтатиш бўйича ариза юбориши мумкин бўлади. Шунингдек, телефон рақамига уланган пулли хизматларни кўриш ва банк картасига боғланган SMS-хабарнома рақамини алмаштириш имконияти пайдо бўлади.
My.gov.uz орқали фуқаро ўз номига расмийлаштирилган банк карталари ҳақида маълумот олиши, уларни блоклаши ёки ёпиши ҳам мумкин бўлади.
Бундан ташқари, фуқаро номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилса, бу ҳақда унга My.gov.uz орқали автоматик хабарнома юборилади.
Давлат хизматлари учун виртуал карта очилади
Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банк 2026 йил 1 сентябрга қадар My.gov.uz’да давлат хизматлари учун виртуал тўлов картасини очиш бўйича тажриба лойиҳасини бошлайди.
Фуқаро My.gov.uz орқали тижорат банкини танлаб, ўз номига виртуал карта очиши ва уни мавжуд пластик карталаридан бири билан боғлаши мумкин бўлади. Ушбу карта давлат хизматлари учун тўловларни амалга оширишда ишлатилади.
Ортиқча ёки нотўғри ундирилган давлат божи ва бошқа тўловлар ҳам автоматик тарзда мазкур картага қайтарилиши режалаштирилган.
Шахсий маълумотлар автоматик янгиланади
2026 йил 1 октябрдан бошлаб фуқаронинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, давлат органлари ахборот тизимларидаги бирламчи маълумотлар автоматик янгиланади.
Маълумот ўзгаргани ҳақида тегишли идораларга электрон хабар юборилади. Фуқаролар эса My.gov.uz орқали ўз маълумотлари қайси ташкилотларда янгилангани ҳақида реал вақт режимида маълумотнома олиши мумкин бўлади.
Шахсни тасдиқловчи айрим ҳужжатларни янги маълумотлар асосида ортиқча аризаларсиз қайта расмийлаштириш имконияти ҳам яратилади.
Реклама қўнғироқлари фақат розилик билан амалга оширилади
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб мобил алоқа орқали товар ва хизматларни реклама қилувчи SMS-хабарлар ҳамда қўнғироқлар фақат фуқаронинг ёзма ёки электрон розилигидан кейин амалга оширилиши мумкин бўлади.
Фуқаро реклама хабарларини олишга берган розилигини бекор қилса, унинг маълумотлари махсус реестрга киритилади. Шундан кейин унга тегишли реклама хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, мобил алоқа орқали соат 18:00 дан 09:00 гача реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарларини тарқатиш тақиқланади. Мобил операторлар фойдаланувчиларга реклама хабарлари ва қўнғироқларини тўлиқ ёки қисман блоклаш имкониятини тақдим этиши керак бўлади.
Кредитнинг тўлиқ қиймати олдиндан кўрсатилади
Марказий банк 2026 йил 1 сентябрга қадар кредит, микроқарз, муддатли тўлов ва бўлиб тўлаш хизматларини реклама қилишга оид янги талабларни ишлаб чиқади.
Унга кўра, кредит шартномасининг дастлабки саҳифасида қарздор қайтариши керак бўлган умумий сумма, тўловларнинг миқдори ва уларни тўлаш муддатлари кўрсатилиши шарт бўлади.
Кредит ёки бўлиб тўлаш рекламаларида “минимал миқдордаги тўлов”, “энг кам тўлов” каби истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган иборалардан фойдаланиш тақиқланади.
Кўчмас мулк ёки автомобиль гарови асосида олинган кредит тўлиқ сўндирилганда, гаров ва ипотека бўйича тақиқ банк томонидан автоматик равишда бекор қилиниши ҳам назарда тутилган.
Давлат хизматидаги кечикиш учун тўлов қайтарилади
Давлат органи хизматни белгиланган муддатда кўрсатмаса ёки асоссиз рад этса, фуқаро тўлаган давлат божи ва бошқа йиғимларни автоматик қайтариш механизми жорий этилади.
Давлат хизматларининг маъмурий регламентлари My.gov.uz’да эълон қилинади. Хизматдан фойдаланган фуқаро давлат органи фаолиятига баҳо бериши, фикр қолдириши ва бошқа фойдаланувчиларнинг баҳоларини кўриши мумкин бўлади.
My.gov.uz’да электрон навбат, сунъий интеллектга асосланган тушунтириш ва ҳаётий вазиятлардан келиб чиқиб хизматларни тавсия қилиш имкониятларини ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.









