Moody’s Ўзбекистон кредит рейтинги прогнозини “ижобий” даражага кўтарди
Агентлик баёнотида қандай асосий фикрлар илгари сурилди ва прогнознинг “ижобий” даражага кўтарилишига нима сабаб бўлди?

Халқаро рейтинг агентлиги Moody’s Ratings Ўзбекистон Республикасининг узоқ муддатли суверен кредит рейтингини “Ba3” (Fitch рейтинг тизимида “BB-”) даражасида тасдиқлади. Шу билан бирга, рейтинг прогнози “барқарор” даражадан “ижобий” даражага кўтарилди.
Агентликнинг билдиришича, бошқарув ва институционал база сифатини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар вақт ўтиши билан давлат сиёсатининг самарадорлиги ва институтларнинг фаолият сифатини ошириши мумкин. Айниқса, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган хусусийлаштириш дастури муваффақиятли амалга оширилса, бу иқтисодий ўсишни жадаллаштиради.
“Юқори молиявий эҳтиёткорлик билан биргаликда олиб борилаётган ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётнинг барқарорлигини мустаҳкамлаши ва мамлакатнинг ўсиш салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши мумкин”, — дейилади Moody’s баёнотида.
Рейтингнинг тасдиқланишига Ўзбекистон иқтисодиётининг диверсификациялашганлиги, барқарор ўсиш суръатлари, қулай демографик кўрсаткичлар ҳамда ташқи қарз юкининг ўртача даражада экани асос бўлди. Хусусан, ташқи қарзларнинг асосий қисми имтиёзли шартлар асосида жалб қилинган.
Бироқ, бу кучли жиҳатлар билан бир қаторда айрим заиф томонлар ҳам мавжуд. Moody’s қайд этишича, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромаднинг пастлиги, рақобатбардошликнинг етарли даражада эмаслиги, институционал тизимнинг ҳозирча заифлиги (гарчи у аста-секин яхшиланаяпти) ва ўртача даражадаги сиёсий хатарлар мамлакатнинг рейтинг салоҳиятини чеклаб турибди.
Ўзбекистоннинг миллий валютадаги мажбуриятлари бўйича чегаравий рейтинги “Ba1”, хорижий валютадаги мажбуриятлари бўйича эса “Ba3” даражасида сақланиб қолган. Бу фарқ мамлакат иқтисодиётидаги давлат иштирокининг юқорилиги ва сиёсий прогнознинг ноаниқлиги билан изоҳланади. Шу билан бирга, бу ҳолат мўътадил ташқи хатарлар билан мувозанатлашган.
“Миллий ва хорижий валютадаги рейтинглар ўртасидаги икки погонали тафовут Ўзбекистоннинг нисбатан заиф монетар ва фискал тизимларини, шунингдек, босим юзага келган ҳолатларда капитал ҳаракати, пул ўтказмалари ва валюта конвертациясига қўшимча чекловлар жорий этилиши эҳтимолини акс эттиради”, — дейилади Moody’s таҳлилида.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил май ойининг охирида S&P Global Ratings ҳам Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини хорижий валютада “BB-” даражасида тасдиқлаган ва рейтинг прогнозини “барқарор”дан “ижобий” даражага кўтарган эди.