Май ойида банклардаги NPL миқдори бироз камайди
Май ойида Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми 130 миллиард сўмга камайди — бу сўнгги ойлардаги ўсиш тенденциясидан фарқ қилади.
Умумий кредит портфели 2,1 триллион сўмга ошган бўлиб, ўсишнинг қарийб 2 триллион сўми хусусий банклар ҳиссасига тўғри келди.
Жумладан, “Агробанк” 2,2 триллион сўмлик портфель ўсиши билан “Ўзсаноатқурилишбанк”ни ортда қолдириб, кредит портфели ҳажми бўйича кучли иккинчи ўринга чиқди.

Марказий банк берган маълумотга кўра, 2025 йилнинг май ойида Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредитлар (NPL) миқдорида камайиш кузатилди. Бу ҳолат сўнгги йиллардаги камёб воқеа ҳисобланади, чунки бундан аввалги ойлар давомида банклардаги NPL миқдори кетма-кет ўсиб келаётган эди.
Май ойида 36 та банкнинг умумий кредит портфели 2,1 трлн сўмга ошди. Бу ўсиш асосан хусусий банклар ҳисобига тўғри келиб, уларнинг кредит портфелларида қарийб 2 трлн сўмлик ўсиш қайд этилган. Шу билан бирга, муаммоли кредитлар ҳажмида 130 млрд сўмлик пасайиш кузатилди.
Давлат банклари
Давлат банкларида кетма-кет иккинчи ой давомида ҳам NPL миқдорининг камайиши кузатилмоқда. Хусусан, май ойида давлат банкларидаги муаммоли кредитлар ҳажми 226 млрд сўмга қисқарган. Бу борада энг катта камайиш “Ўзсаноатқурилишбанк” ҳиссасига тўғри келиб, мазкур банкда NPL миқдори 119 млрд сўмга камайган. Шунингдек, “Ўзмиллийбанк”да ҳам муаммоли кредитлар ҳажмида сезиларли — 100 млрд сўмлик — камайиш қайд этилган.

Бироқ юқоридаги ижобий тенденцияларга қарама-қарши равишда, айрим банкларда NPL ҳажми ортган. Жумладан, “Агробанк” портфелидаги муаммоли кредитлар 67 млрд сўмга ошган. Шунингдек, “Алоқабанк” ва “Асакабанк”да ҳам NPL миқдорида оз миқдорда ўсиш кузатилган.
Кредит портфели ҳажми бўйича ҳам муайян ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, “Агробанк” 2,2 трлн сўмлик портфель ўсиши билан илгари иккинчи ўринда турган “Ўзсаноатқурилишбанк”ни ортида қолдирди.
Хусусий банклар

Давлат улуши мавжуд бўлмаган хусусий банкларда эса май ойида NPL миқдори ошди. Умумий ҳисобда бу банклардаги муаммоли кредитлар ҳажми 96 млрд сўмга кўпайган. Ушбу тоифадаги банклар орасида энг катта ўсиш Ziraat Bank’да қайд этилган бўлиб, бу ерда NPL миқдори 65 млрд сўмга ошган. Шунингдек, Капиталбанкда 43 млрд сўм, TBC Bank’да эса 40 млрд сўмлик муаммоли кредитлар ўсиши кузатилган.