Марказий банк эндиликда жаримага тортилган банк раҳбарларининг исм-шарифини очиқлаши мумкин
Марказий банк банклар ва нобанк молия ташкилотларига нисбатан санкциялар қўллаш тартибини янгилади. Эндиликда жарималар ташкилотнинг молиявий ҳолати ва фаолият кўламидан келиб чиқиб белгиланади, регулятор эса истеъмолчилардан ортиқча ёки асоссиз ундирилган маблағларни қайтаришни талаб қилиши мумкин. Шунингдек, жаримага тортилган банк раҳбарларининг исм-шарифи Марказий банк сайтида очиқланиши мумкин.

Марказий банк банклар, шунингдек, нобанк молия ташкилотларига нисбатан санксиялар ва бошқа чораларни қўллаш тартибига ўзгартиришлар киритди. Тегишли буйруқ 2-май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ўзгаришларга кўра, низомнинг амал қилиш доираси сўнгги йилларда Ўзбекистон қонунчилигида пайдо бўлган янги турдаги молия институтларига ҳам татбиқ этилади. Хусусан, микромолия банклари, факторинг ва кафиллик ташкилотлари ҳамда кредит бюролари ҳам ушбу тартиб доирасига киритилмоқда.
Санксияларни қўллаш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилди. Эндиликда ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини белгилашда молия ташкилотининг молиявий ҳолати ва фаолият кўлами инобатга олинади.
Шунингдек, санксиялар ва бошқа чораларни қўллаш билан боғлиқ айрим протсессуал муддатлар узайтирилмоқда. Жумладан, Марказий банк тегишли қарордан кўчирмани молия ташкилотига ёки унинг раҳбарига 7 иш куни ичида юбориши мумкин бўлади. Амалдаги тартибда бу муддат 3 иш кунини ташкил этади.
Агар ташкилот қарор устидан Апеллятсия кенгашига шикоят қилса, кенгаш шикоятни 15 кун ичида кўриб чиқиши лозим. Бироқ батафсил ўрганиш ва текшириш зарур бўлганда ёки қўшимча ҳужжатлар сўралганда ушбу муддатни 1 ойгача узайтиришга рухсат берилади.
Марказий банк томонидан берилиши мумкин бўлган кўрсатмалар рўйхати ҳам кенгайтирилди. Эндиликда регулятор молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўришни талаб қилиши мумкин. Жумладан, молия ташкилотига қайта ҳисоб-китоб қилиш, ортиқча ёки асоссиз ундирилган маблағларни мижозларга қайтариш мажбурияти юклатилиши мумкин.
Бундан ташқари, Марказий банк айрим ҳолларда банклар ва бошқа молия ташкилотларининг айрим оператсияларини чеклаш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай чоралар, хусусан, банк устав капиталининг энг кам миқдорига доир талаблар бажарилмаганда ёки киберхавфсизлик таҳдидларининг, жумладан, банк карталаридан маблағ ўғирланишининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича талаблар бузилганда қўлланилиши мумкин.
Ҳужжатда Марказий банк банк раҳбариятини жаримага тортиши мумкин бўлган қоидабузарликлар рўйхати ҳам аниқлаштирилган. Улар қаторига банк фаолиятини қонунчиликка мувофиқ ташкил этмаслик, таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат тизимини таъминламаслик, қонунга зид қарорлар қабул қилиш ёки бундай қарорларни қўллаб-қувватлаш киради.
Шунингдек, раҳбарлар ўз ваколатлари доирасида қоидабузарликларнинг олдини олиш чораларини кўрмагани, истеъмолчиларга етказилган зарарни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича ҳаракат қилмагани, қоидабузарликлар ва уларнинг сабабларини яширишга урингани ёки фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.
Яна бир муҳим ўзгариш, Марказий банк ўз расмий сайтида банк раҳбарларига нисбатан қўлланилган санксиялар ҳақидаги маълумотларни уларнинг тўлиқ исм-шарифларини кўрсатган ҳолда эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлади.









