Марказий банк банкларга ягона уй-жойни гаровга олиш бўйича тавсиялар берди
Марказий банк фуқаролар доимий яшайдиган ягона уй-жойни кредит таъминоти сифатида қабул қилиш бўйича тижорат банкларига янги тавсиялар юборди. Банклардан кўчмас мулкнинг қийматига эмас, аввало, қарз олувчининг кредитни қайтара олиш имкониятига эътибор қаратиш сўралмоқда.

Марказий банк тижорат банкларига фуқаронинг ўзи ва оила аъзолари доимий яшайдиган ягона уй-жойини гаровга олишда эҳтимолий ижтимоий оқибатларни ҳам ҳисобга олишни тавсия этди.
Хусусан, кредит ажратишдан олдин мижознинг даромади, мавжуд қарзлари ва ойлик тўловларни бажариш имконияти синчиклаб баҳоланиши керак. Уй-жойнинг юқори қиймати ва уни сотиш имконияти кредит бериш учун асосий омилга айланмаслиги лозим.
Имкон бўлса, банкларга кафиллик, суғурта ёки бошқа мол-мулк каби муқобил таъминот усулларини кўриб чиқиш тавсия этилган.
Шунингдек, шартнома имзоланишидан олдин мижозга кредит қайтарилмаса, гаровдаги ягона уй-жойга ундирув қаратилиши ва мулк сотилиши мумкинлиги аниқ ҳамда тушунарли тарзда тушунтирилиши керак.
Бу, айниқса, ўз уйини бошқа шахс ёки тадбиркор олган кредит учун гаровга қўяётган фуқароларга тааллуқли. Бундай ҳолатда уй эгаси кредит маблағини шахсан олмаган бўлса ҳам, қарздор ўз мажбуриятини бажармаса, унинг гаровдаги уй-жойига ундирув қаратилиши мумкин.
Қарздорлик юзага келган тақдирда банклар дарҳол ундирув чораларига ўтмасдан, аввало, қарз олувчининг молиявий ҳолатини ўрганиши керак. Кредит муддатини узайтириш, тўлов жадвалини ўзгартириш, кредитни реструктуризация қилиш ёки қарздорликни тартибга солишнинг бошқа имкониятларини кўриб чиқиш тавсия этилган.
Мазкур тавсиялар ягона уй-жойни гаровга қўйишни тақиқламайди. Улар мижознинг тўлов имкониятини тўғри баҳолаш, кредит билан боғлиқ хавфларни олдиндан тушунтириш ва ягона бошпанани йўқотиш билан боғлиқ ижтимоий оқибатларни камайтиришга қаратилган.









