Марказий банк 4 та банкка исломий банк фаолияти учун лицензия берди
“Ipak Yo‘li”, Asia Alliance Bank, Orient Finans ва Hayot Bank Ўзбекистонда исломий банк хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини олди. Аввалроқ бундай лицензия Open Bank’га ҳам берилган эди. Шу тариқа мамлакатда исломий банк фаолияти учун лицензия олган банклар сони бештага етди.

Марказий банк бошқарувининг 18 ноябрдаги тегишли қарорлари билан яна тўртта тижорат банкига исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар тақдим этилди. Бу ҳақда регулятор хабар берди.
Лицензия олган банклар:
- “Ipak Yo‘li” акциядорлик инновация тижорат банки;
- Asia Alliance Bank;
- Orient Finans Bank;
- Hayot Bank.
Мазкур лицензиялар банкларга “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 5¹-моддасида белгиланган исломий молия операцияларини амалга ошириш имконини беради.
Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун биринчи лицензия 2026 йил 23 октябрда Open Bank’га берилган эди.
Исломий банк фаолиятини жорий этишнинг ҳуқуқий асослари 2026 йил 27 мартда қабул қилинган ЎРҚ-1126-сонли қонун билан белгиланган. Ҳужжатга кўра, банклар анъанавий ва исломий банк фаолиятини тегишли лицензиялар асосида биргаликда олиб бориши мумкин.
Қонунчилик исломий молиялаштиришнинг бир нечта шаклини назарда тутади. Жумладан, банклар товарларни насияга сотиш, мол-мулкни сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага бериш, шерикчилик асосида молиялаштириш ва инвестициявий омонатларни жалб этиш каби операцияларни амалга ошириши мумкин.









