12 169.410 so‘m

increase

36.930

14 359.900 so‘m

decrease

-0.100

158.950 so‘m

decrease

-0.140

12 169.410 so‘m

increase

36.930

8 соат аввал
Технология
43

Марк Цукерберг ижтимоий тармоқлардаги мажбурий қарамликка оид шов-шувли суд ишида кўрсатма берди

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ижтимоий тармоқларнинг вояга етмаганларга таъсири бўйича давом этаётган шов-шувли суд жараёнида Марк Цукерберг гувоҳлик берди. Даъво аризасида Meta платформалари (Instagram) болаларни технологияга қарам қилиб, уларнинг руҳий саломатлигига зарар етказгани айтилмоқда

Марк Цукерберг ижтимоий тармоқлардаги мажбурий қарамликка оид шов-шувли суд ишида кўрсатма берди
Фото: AI/Pinkod.uz

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Пинкод аввал хабар берган йирик суд жараёни давом этмоқда. 19 февраль куни иш доирасида Марк Цукерберг судда гувоҳлик берди.

Унинг кўрсатмалари ижтимоий тармоқларга қарши мисли кўрилмаган суд ишининг бир қисми бўлиб, унда Meta платформалари вояга етмаган фойдаланувчиларни атайлаб қарам қилиб, уларга руҳий зарар етказганми-йўқми деган масала кўрилмоқда.

Даъво нимага асосланган?

Иш бўйича Meta ва YouTube жавобгар сифатида қолмоқда. Даъво аризаси ҳозир 20 ёшда бўлган қиз томонидан киритилган. У болалигидан ижтимоий тармоқлардан мунтазам фойдаланиш уни технологияга қарам қилиб қўйганини, натижада депрессия ва ўз жонига қасд қилиш фикрлари кучайганини таъкидламоқда.

Компания вакиллари эса даъвогарнинг руҳий ҳолати Instagram билан эмас, балки унинг шахсий ҳаётидаги омиллар билан боғлиқ эканини билдирди.

Цукерберг нима деди?

Цукерберг айбловларни рад этиб, компания ожиз фойдаланувчилардан манфаат кўриш мақсадида фойдаланмаслигини, аксинча аудиторияга фойда келтиришга интилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра:

  • Meta 13 ёшгача бўлган болалар учун платформаларга киришни тақиқлайди;
  • ёшни аниқлаш механизмларини такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда;
  • компанияда эндиликда “фойдаланувчиларнинг иловаларда ўтказадиган вақти” бўйича ички мақсадлар йўқ.

Сукерберг, шунингдек, Instagram’даги гўзаллик филтрлари ва “лайк”лар сони масаласига ҳам тўхталди. У фильтрларни сақлаб қолиш қарорини сўз эркинлиги ва ўзини ифода этиш эркинлигини ҳимоя қилиш билан изоҳлади.

Мазкур иш бошида TikTok ва Snapchat ҳам жавобгар сифатида жалб қилинган эди. Бироқ, бу икки платформа низони суддан ташқари келишув орқали ҳал қилган.

Суд жараёни давом этмоқда ва унинг натижалари ижтимоий тармоқлар фаолиятига нисбатан глобал ёндашувга таъсир қилиши мумкин.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+