Маҳалла банкирлари, ҳар бир давлат банкида венчур фонди: Президент 2025 йилда банк тизими учун қандай янгиликларни айтди?
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
16 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилишида соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва бир қатор янгиликлар эълон қилинди.
Ишончли мижозлар қўллаб қувватланади
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 750 минг аҳоли кредитларни ўз вақтида қайтарган, улардан 58 минги янги корхона ҳам очди. Энди уларга “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида шартсиз 300 миллион сўм кредит берилади. Бу орқали келгуси йилларда 1,5 миллион аҳолини ишли қилиш мумкинлиги таъкидланди.
Ҳар бир давлат банкига битта венчур компания
Давлат банклари биттадан венчур компания очиб, маҳалла стартапларига ўз маблағидан жами 50 миллион доллар ажратиши муҳимлиги қайд этилди. Стартапларни бизнесга айлантирадиган акселераторлар ҳам очиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.
Кредит тарихи учун солиқ, электр, газ каби бошқа тўловларни ҳисобга олиш таклиф қилинди
Ўтган олти йилда 1 миллион 600 минг нафар аҳоли “яхши” кредит тарихига эга бўлди. Шу билан бирга, тарихи “ўрта” баҳоланганларга янги кредит олишда талаблар кучайиши табиий. Бундай мижозларнинг кредит тарихини яхшилаш, келгусида улар тадбиркорга айланиши учун банклар катализатор бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Келгуси йилда лойиҳаси бор 100 мингта “ўрта” тоифадаги мижозлар билан уч ойлик индивидуал режа асосида ишлаш, уларнинг солиқ, электр, газ каби бошқа тўловларини ҳам инобатга олиш, молиявий билимини ошириш ва лойиҳаларини яхшилаш орқали уларни тадбиркорга айлантириш таклиф қилинди.
Ҳар бир давлат банки микромолия ва факторинг компанияси очади
Мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани учун жорий йилда 5,5 триллион сўмлик микромолия ва факторинг хизматлари кўрсатилди.
Эндиликда ҳар бир давлат банки ўзининг микромолия ва факторинг компаниясини очиб, унга хорижий инвесторларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Бунда банклар ресурсларни қарзга эмас, инвестиция сифатида олиб келишни режалаштирмоқда. Келгуси йилда микромолия ва факторинг компаниялари орқали 10 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилиши мақсад қилинган.
Банкларга ҳаракатсиз мулкларини бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади
Президент банкларни ўйлантираётган қатор масалалар борлигини таъкидлаб, уларнинг ечимига қаратилган ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк бор. Банклар улардан тезроқ қутилса, қўшимча ресурс ва 150 мингта иш ўрни яратиш учун захира пайдо бўлади.
Шу боис, банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилиши белгиланди.
Шунингдек, банклар бу мулкларни даромадли бизнесга айлантириб, тайёр ҳолда инвесторга сотадиган тизим яратилади.
Маҳалла банкирлари пайдо бўлади
Маҳаллалар даражасида ҳокимлар банклар билан ҳамкорликда ишлаши зарурлиги қайд этилди. Бунда туман банклари мижозбай ишлаб, тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашади, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этади, туман ҳокимлари эса лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олади.
Туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифи қўллаб-қувватланди. Маҳалла банкирлари маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолини кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш, маҳсулотини сотишга ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.