Korzinka, Uzum Market ва бошқалар: йирик савдо корхоналари 2025 йилда қанча солиқ тўлади?
2025 йилда Ўзбекистонда савдо корхоналари томонидан бюджетга 35,3 трлн сўм солиқ тўланди. Энг йирик солиқ тўловчилар орасида Korzinka 385 млрд сўм билан биринчи, Uzum Market эса 231 млрд сўм билан иккинчи ўринни эгаллади.

2025 йилда Ўзбекистонда савдо соҳасида фаолият юритаётган корхоналарнинг жами товар айланмаси 819,86 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, йил давомида 154,1 мингта савдо корхонаси томонидан давлат бюджетига жами 35,3 трлн сўм солиқ тўловлари амалга оширилган. Ушбу сумманинг 7,8 фоизи ёки 2,75 трлн сўми энг йирик 20 та компания ҳиссасига тўғри келади.

2025 йил якунларига кўра, энг кўп солиқ тўлаган компания Korzinka супермаркетлар тармоғини бошқарувчи Anglesey Food МЧЖ ХК бўлди. Компания томонидан бюджетга 385,3 млрд сўм солиқ тўланган.
Иккинчи ўринни Uzum Market онлайн маркетплейси эгаллаб, йил давомида 231,4 млрд сўм солиқ тўлади. Кучли учликни эса 211,4 млрд сўм солиқ билан “Наманган-Истиқлол Боғи” МЧЖ якунлаб берди.
Шунингдек, Total Oil Invest МЧЖ ва UNG Petro компаниялари ҳам энг йирик солиқ тўловчилар қаторидан жой олди. Улар мос равишда 211 млрд сўм ва 188,8 млрд сўм солиқ тўлаган.
Машҳур компаниялар орасида Alif Moliya МЧЖ 158,6 млрд сўм, Nestle Food МЧЖ 125,5 млрд сўм, Samsung Uzbekistan эса 84,9 млрд сўм солиқ тўлагани қайд этилган.









