12 053.460 so‘m

decrease

-63.890

14 026.610 so‘m

decrease

-42.850

152.430 so‘m

increase

2.940

12 053.460 so‘m

decrease

-63.890

5 кун аввал
Иқтисодиёт
104

Кейинги 3 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти қандай ўсади?

Марказий банк 2026–2028 йиллар учун пул-кредит сиёсати концептуал йўналишларини тасдиқлади. Унга кўра, яқин уч йил ичида иқтисодий ўсиш суръатлари ошиши, инфляция 5 % мақсадли даражасига яқинлашиши ва макроиқтисодий барқарорлик мустаҳкамланиши кўзда тутилган.

Кейинги 3 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти қандай ўсади?
Фото: AI / Pinkod.uz

Марказий банк бошқаруви 24 октябрдаги йиғилишида пул-кредит сиёсатининг 2026 йил ҳамда 2027–2028 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари бўйича концептуал лойиҳани тасдиқлади.

Унга кўра, пул-кредит сиёсатининг асосий вазифаси жорий иқтисодий шароит ва ўрта муддатли истиқболдаги макроиқтисодий ривожланиш кутилмаларини инобатга олган ҳолда нархлар барқарорлигини таъминлашдан иборат. Марказий банк инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга етказишни устувор мақсад сифатида белгилаган.

Лойиҳани тайёрлаш жараёнида ташқи ва ички шароитларнинг ўзгаришига оид прогнозлар, асосий сценарий, потенциал хатарлар таҳлили ҳамда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича чоралар ишлаб чиқилди.

Макроиқтисодий сценарий прогнозлари

Ташқи иқтисодий шароитлар баҳосида глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар сақланиб қолиши ва ўсиш суръатлари паст бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, инфляциянинг мақсадли даражага пасайиши узоқроқ вақт олиши, валюта бозорида кескин тебранишлар кузатилмаслиги ҳамда олтин нархлари юқори даражада қолиши тахмин қилинмоқда.

Ички омиллар бўйича эса:

  • ялпи талабнинг барқарорлашуви,
  • кредитлаш суръатларининг мўтадиллашуви,
  • пул ўтказмалари ўсишининг нормал траекторияга қайтиши,
  • инвестициялар оқимининг барқарор шаклланиши,
  • фискал тақчилликнинг ЙИМга нисбатан 3% дан юқори бўлмаслиги инобатга олинган.

Асосий сценарийга кўра, 2026 йилда реал ЯИМ ўсиши 5,5–6,5%,2027–2028 йилларда эса 6–7% даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра:

  • 2026 йил якунида умумий инфляция 7% гача пасаяди,
  • 2027 йилда эса мақсадли 5% даражасига етади,
  • 2028 йилдан бошлаб инфляция 5% атрофида барқарорлашади.

Бу прогнозлар хусусийлаштириш жараёнларининг давом этиши, хусусий ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ортиши, кредит бозоридаги соғлом ўсиш ҳамда иқлим хавфларининг кескинлашмаслиги каби омилларни назарда тутади.

Марказий банк ташқи ва ички омиллардан келиб чиқадиган эҳтимолий хавфларни алоҳида баҳолаган бўлиб, улар юзага келган тақдирда пул-кредит сиёсати қатъийлик даражаси ва муддатларини мос равишда ўзгартириш орқали инфляцияни таргет даражасига етказиш устуворлиги сақлаб қолинади.

Келгуси йилларда пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш мақсадида операцион механизмни такомиллаштириш, макроиқтисодий прогнозлаш ва таҳлил салоҳиятини кучайтириш, коммуникацияни эса янада фаол ва очиқ олиб бориш режалаштирилган.

“Бу доирада мавжуд моделлар параметрлари қайта баҳоланади, янги моделлар жорий қилинади ҳамда пул-кредит сиёсати коммуникацияси кучайтирилади”, — дейилади Марказий банк баёнотида.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+