Кетма-кет пасайишлардан сўнг халқаро олтин-валюта захиралари яна кўпайди
Январь ойида Ўзбекистон халқаро захиралари олтин нархининг юқорилаши ҳисобига $1,7 млрддан кўпроққа ошган бўлса, хорижий валютадаги захирлар $1,3 млрдга камайди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари январь ойида $1,72 млрдга кўпайиб, 1 февраль ҳолатига кўра $42,9 млрдни ташкил қилмоқда. Бу ҳақида Марказий банк 7 февраль кунги ҳисоботида маълумот берди.
Ўзбекистон халқаро захиралари таркибидаги олтин миқдори январь ойида $3 млрддан кўпроққа ортиб, $35 млрддан кўпроқни ташкил этди. Активнинг бундай кўтарилишига жаҳон бозорида олтин нархининг юқорилаши сабаб бўлган. Олтиннинг соф ҳажми эса 0,3 млн трояга ошиб, 12,6 млн трояга етди.
Кўрсаткичлар | 1 январь 2024 | 1 январь 2025 | 2 февраль 2025 |
Расмий захира активлари (млрд $) | 34,6 | 41,2 | 42,9 |
Олтин (млрд $) | 24,6 | 32,03 | 35,06 |
Соф ҳажми (млн троя унция) | 11,9 | 12,3 | 12,6 |
Хорижий валютадаги захира активлари (млрд $) | 9,4 | 8,6 | 7,3 |
Шундай бўлса-да, хорижий валютадаги активлар миқдори қарийб 1,3 млрдга камайиб, $7,3 млрдни ташкил қилди. Мазкур активлар таркибидаги нақд валюта ва депозитларнинг жами миқдори эса йилни $7,2 млрд билан бошлади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат халқаро олтин-валюта заҳиралари декабрь ойида $0,3 млрдга камайган эди.
Прогнозларга кўра, олтин нархи йил давомида 3 000 долларгача кўтарилади. Маълумот учун, жаҳон бозорида олтин нархи 5 февраль куни 2882 долларгача чиқиб, ҳозирда бир унция учун 2870 доллардан юқорироқ нархда сотилмоқда.