Капиталбанк ва Ҳаёт Банк собиқ раҳбарлари микромолия секторига кирди
Марказий банк микромолия ташкилотлари реестрига “Olmos Finance”, “Oson Moliya” ва “Prime Sarmoya” МЧЖларни киритди. Янги ташкилотлар улушдорлари орасида аввал Капиталбанк ва Анорбанкда раҳбарлик лавозимларида ишлаган шахслар, шунингдек Ҳаёт Банк собиқ бошқарув раиси ҳам бор.

Марказий банк микромолия ташкилотлари реестрига учта янги компанияни киритди. Эътиборлиси, ушбу субъектлар эгалари орасида банк секторида фаолият юритган собиқ раҳбарлар ҳам бор.
Регулятор қарорига мувофиқ, “OLMOS FINANCE”, “OSON MOLIYA” ва “PRIME SARMOYA” МЧЖлар микромолия ташкилоти сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини олди.
“Olmos Finance” МЧЖ
Компания 2025 йил 13 ноябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав фонди 2,1 млрд сўмни ташкил этади — бу амалдаги қонунчиликда белгиланган минимал талабдан 100 млн сўмга кўп.
Устав капиталининг 50 фоизи Каримбаев Шерзод Кобиловичга, қолган 50 фоизи эса Алимов Зохид Закиржоновичга тегишли.

Шерзод Каримбаев 2019 йил июнига қадар Ўзбекистондаги йирик тижорат банкларидан бири — Капиталбанкка раҳбарлик қилган.
2020 йилда Анорбанк учун лицензия олиш жараёнида фаол иштирок этган ва ўша йил сентябрь ойида банк кузатув кенгаши раиси этиб тайинланган. 2025 йил октябрь ойида эса у Анорбанк кузатув кенгаши аъзолигидан озод этилган.
Зохид Алимов 2023 йилда ташкил этилган Ҳаёт Банкнинг илк бошқарув раиси бўлган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Ҳаёт Банкнинг 100 фоиз улуши Ботир Рахимовга тегишли бўлган.

Алимов 2020–2022 йилларда Анорбанк бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2006–2019 йилларда эса Капиталбанк тизимида турли лавозимларда, жумладан, бошқарув раиси маслаҳатчиси ва амалиёт бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритган.
“Oson Moliya” МЧЖ
Мазкур ташкилот 2025 йил 12 декабрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав капитали 2,1 млрд сўмни ташкил этади.
Улушлар қуйидагича тақсимланган:
- Якубова Гулноза Рустамовна — 50 %
- Алимходжаэва Джория Латифовна — 25 %
- Урженсева Галина Константиновна — 25 %
“Prime Sarmoya” МЧЖ
Компания 2025 йил 22 июнда давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав капитали қарийб 2,1 млрд сўмни ташкил этади.
Жамиятнинг ягона таъсисчиси — “Mindsetters” МЧЖ. Ушбу компания улушлари 81,34 фоиз Пак Константинга, 18,66 фоизи эса Гулбаҳор Баҳромовага тегишли.
Маълумотларга кўра, Гулбаҳор Баҳромова Ипотека Банк акциядорларидан бири ҳисобланади.









