Исломий банкларда “инвестицион омонатлар”га давлат кафолати берилмайди — қонун лойиҳаси
Исломий банклар фаолиятини жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасига кўра, исломий молия тамойиллари асосида жалб қилинадиган инвестицион омонатлар давлат томонидан кафолатланмайди. Бу омонатлар фойда ва зарар тақсимоти тамойилига асосланган бўлиб, омонатчилар банк билан бирга молиявий рискларни бўлишади.

Аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мамлакатда исломий банклар фаолиятини йўлга қўйишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллагани хабар қилинган эди.
Сенатнинг ялпи мажлисида мазкур қонун лойиҳаси ҳамда унда белгиланган талаблар муҳокама қилинди. Муҳокамалар чоғида сенатор Икромхон Нажмиддинов “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига киритилаётган “инвестицион омонат” тушунчаси, унинг амалдаги анъанавий омонатлардан фарқи ва нега алоҳида тур сифатида кўрсатилаётгани юзасидан савол берди.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Турдалиевнинг таъкидлашича, инвестицион ва анъанавий омонатлар мутлақо икки хил молиявий инструмент ҳисобланади. Унинг тушунтиришича, исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банклар фойдани тақсимлаш ва вакиллик шартномалари асосида жалб қиладиган маблағлар “инвестицион омонат” сифатида қайд этилади.

Анъанавий омонатларда эса омонат муддати ва фоиз ставкаси олдиндан белгиланади ҳамда даромад тўланиши кафолатланади. Исломий молия тизимида эса пул маблағлари инвестиция шаклида жойлаштирилади ва омонатчи банк билан биргаликда фойда ҳамда зарар рискларини бўлишади.
Шу боис, инвестицион омонат эгаси барча молиявий хавф-хатарларни банк билан тенг даражада зиммасига олади. Айнан мана шу омил сабабли ушбу турдаги омонатлар “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун доирасида кафолатланмайди, дея изоҳ берди Марказий банк раиси ўринбосари.
Маълумот учун, амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистонда битта банкдаги омонатларнинг фақат 200 млн сўмгача бўлган қисми давлат томонидан кафолатланади. Яқинда лицензияси чақириб олинган “Янги банк” омонатчиларига жами 208 млрд сўм миқдорида компенсация тўлаб берилиши режалаштирилган бўлиб, бу 31 507 нафар омонатчининг 98,7 фоизини қамраб олади. Мазкур ҳолат битта омонатни кафолатлаш максимал лимити билан боғлиқ.
Ислом банкларидаги инвестицион депозитлар кафолатланмаслигининг асосий сабаби уларнинг фойда ва зарар тақсимоти (Profit and Loss Sharing — PLS) тамойилига асосланишидадир. Хусусан, мудараба шартномаси доирасида депозит қўювчи рабб ал-мол (инвестор), банк эса мудариб (бошқарувчи) сифатида иштирок этади. Фойда олдиндан келишилган нисбатда тақсимланади, бироқ инвестиция зарар келтирган тақдирда молиявий йўқотиш депозит эгаси зиммасида қолади.
Шу сабабли исломий банклардаги инвестицион депозитлар кафолатланган даромадга эга эмас.









