12 931.940 so‘m

decrease

-8.170

14 107.450 so‘m

increase

51.900

150.180 so‘m

increase

4.560

12 931.940 so‘m

decrease

-8.170

26 февраль, 11:36
FinLit

Инвестиция қилишда рискларини қандай қилиб камайтириш мумкин?

Инвестиция – бу даромад олиш имкониятларини кенгайтирувчи жараён бўлиб, у маълум хавф-хатарларни ҳам ўз ичига олади, бироқ тўғри стратегия, пухта режалаштириш ва диверсификация орқали ушбу рискларни камайтириш мумкин.

Инвестиция қилишда рискларини қандай қилиб камайтириш мумкин?
Фото: AI / Pinkod.uz

Инвестиция – бу даромад олиш имкониятини яратадиган жараён бўлиши билан бирга, муайян хавф-хатарларни ҳам ўз ичига олади. Ҳар қандай сармоя маълум даражада ноаниқликка эга бўлиб, барча рискларни олдиндан аниқ башорат қилишнинг ҳар доим ҳам имкони мавжуд эмас. Бироқ, тўғри стратегия ва пухта режалаштириш орқали бу хавфларни сезиларли даражада камайтириш мумкин. Ушбу мақолада айнан шу усуллар ҳақида сўз юритамиз.

Диверсификация – капитални тақсимлаш

Инвестиция қилишда хавфларни камайтиришнинг энг самарали усулларидан бири диверсификация ҳисобланади. Яъни, капитални турли соҳалар, актив турлари ва географик ҳудудлар бўйлаб тақсимлаш орқали йўқотишлар камайтирилади. Масалан, акцияларга сармоя киритиш режалаштирилган бўлса, битта компаниянинг қимматли қоғозларигина эмас, балки турли саноатларга мансуб компаниялар акцияларини харид қилиш мумкин. Бундан ташқари, инвестиция портфелига кўчмас мулк, қимматбаҳо металлар ёки банк омонатлари каби бошқа активларни қўшиш хавфларни янада мувозанатлашга ёрдам беради.

Диверсификация, айниқса, бозор кескин ўзгараётган пайтларда катта аҳамият касб этади. Бирор сектор ёки актив қиймати пасайган тақдирда, бошқа сектор ёки активлар орқали зарар қоплаш имкони пайдо бўлади.

Фундаментал ва техник таҳлил

Инвестиция қилишдан аввал пухта таҳлил ўтказиш жуда муҳим. Бунда икки асосий таҳлил тури мавжуд:

  • Фундаментал таҳлил

Бу усул компаниянинг молиявий ҳолати, даромадлари, қарздорлик даражаси ва бозор тенденцияларини ўрганиш орқали унинг узоқ муддатли истиқболини баҳолашга ёрдам беради.

Мисол учун, Tesla акцияларини сотиб олмоқчи бўлсангиз, компаниянинг ўтган йилги даромади қандай бўлганини, бу йил бозорда талаб қанчалик юқори эканини ва рақобатчилар билан солиштирганда компаниянинг ўсиш салоҳияти қандай эканини таҳлил қилишингиз лозим.

  • Техник таҳлил

Бу усул бозор нархлари ва савдо ҳажмларининг тарихий маълумотларини таҳлил қилиб, келажакдаги нарх ҳаракатларини тахмин қилиш имконини беради.

Масалан, маълум бир крипто-активга сармоя киритишдан аввал унинг сўнгги 24 соат ичидаги нарх ўзгаришларини, қўллаб-қувватлаш ва қаршилик даражаларини ҳамда техник индикаторларни таҳлил қилиш муҳимдир. Бу сизга қачон сотиб олиш ёки сотиш учун энг қулай вақтни аниқлашга ёрдам беради.

Шу боис, инвестиция қилишдан олдин активларнинг бозор ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, компанияларнинг молиявий кўрсаткичларини синчиклаб ўрганиш ва глобал иқтисодий жараёнларга эътибор қаратиш зарур.

Рискларни таққослаш

Ҳар қандай инвестиция маълум даражадаги хавфларни ўз ичига олиб, улар мавжуд стратегияга мувофиқ баҳоланиши лозим. Рискларни камайтириш мақсадида инвестиция портфелини паст ва ўрта хавфли активлар билан диверсификация қилиш мақсадга мувофиқдир. Инвестиция стратегиясини ишлаб чиқишда асосий омиллар сифатида муддат, рискларга нисбатан чидамлилик ва ликвидлик даражаси эътиборга олиниши керак.

Қисқа муддатли активлар юқори ликвидлиликни таъминлаб, тезкор даромад олиш имконини беради, узоқ муддатли инвестициялар эса барқарорлик ва узоқ муддатли капитал ўсишини кафолатлайди. Масалан, қисқа муддатли инвестицияларга банк омонатлари, узоқ муддатли инвестицияларга эса кўчмас мулк хариди мисол бўла олади. Шунингдек, инвестиция қилинган активларни зарурат туғилганда тезда сотиш имконияти ҳам муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Инвестицияларни даврий мониторинг қилиш

Инвестицияларни мунтазам равишда кузатиб бориш уларнинг бозор шароитларига қандай таъсирланаётганини баҳолаш ва муқобил стратегиялар ишлаб чиқиш имконини беради. Бунда бозор тенденцияларини ўрганиш, активларнинг жорий қийматини баҳолаш, уларнинг даромадлилигини таҳлил қилиш ҳамда молиявий янгиликлар ва глобал иқтисодий кўрсаткичларни кузатиш муҳим аҳамият касб этади. 

Мисол учун ҳозирда қисқа муддатли даромад қилиш учун банк омонатлари, уй-жой сармоясидан кўра фойдалироқдир. Шундай бозор янгиликларини мунтазам кузатадиган инвестор қайси инвестиция тури айни дамда фойдалироқ эканлигини аниқроқ тушунади.

Инвестицияда кенг тарқалган хатолардан бири – ҳиссиётлар таъсирида қарор қабул қилишдир. Кўпчилик бозор тебранишлари пайтида ваҳимага тушиб, активларини зарарига сотади. Масалан, 2022 йилда Bitcoin нархи 20 000 доллардан пастга тушиб кетганда кўплаб инвесторлар ўз активларини сотиб юборган эди, бироқ орадан икки йил ўтиб, унинг нархи 100 000 долларни ошиб ўтди

Шу сабабли, инвестиция қарорларини қабул қилишда қисқа муддатли ўзгаришларга берилмасдан, чуқур таҳлил ва узоқ муддатли стратегияга таяниш талаб қилинади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+