12 557.560 so‘m

decrease

-34.150

14 809.130 so‘m

decrease

-12.570

159.440 so‘m

decrease

-0.740

12 557.560 so‘m

decrease

-34.150

2 кун аввал
Технология

Инсонларсиз санъат: Spotify’да AI яратган гуруҳ қарийб бир ойда миллионга яқин тингловчи йиғди

Spotify’да сунъий интеллект томонидан яратилган “The Velvet Sundown” гуруҳи атиги бир ой ичида миллионга яқин тингловчи йиғиб, мусиқа саноатида шов-шувга сабаб бўлди. Гуруҳ ортида санъаткорлар эмас, балки генератив AI турибди. Бу эса санъат ва технология чегаралари тобора хиралашиб бораётганини кўрсатмоқда.

Инсонларсиз санъат: Spotify’да AI яратган гуруҳ қарийб бир ойда миллионга яқин тингловчи йиғди
Фото: AI / Pinkod.uz

Санъат асари яратиш минг йиллар давомида инсониятга хос хислат сифатида қаралган. Унга эришиш учун ижодкорлик ва инсон тафаккури зарур деб ҳисобланган. Гарчи тарих давомида турли хил ихтиролар яратилган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири инсонсиз мусиқа, китоб, фильм ёки бошқа санъат шаклларини яратишга қодир эмас эди.

Бироқ, технологик тараққиёт шундай босқичга етиб келдики, эндиликда инсон иштирокисиз ҳам санъат асари яратиш мумкин бўлиб қолди. Бу технологиянинг номи — сунъий интеллект. Бугунги кунда сунъий интеллект машиналарга инсон ижодини тақлид қилишни ўргатмоқда.

Яқинда Spotify платформасида юз берган воқеа бунга ёрқин мисол бўла олади. “The Velvet Sundown” деб номланган янги гуруҳ июн ойида Spotify’да дебют қилиб, қисқа вақт ичида ярим миллиондан ортиқ тингловчига эга бўлди. Аммо барча белгилари шуни кўрсатадики, бу гуруҳ аслида мавжуд эмас — у тўлиқ сунъий интеллект маҳсули.

Кўплаб санъаткорлар сунъий интеллектдан фойдаланишга кескин қарши бўлишса-да, айримлари уни мусиқа ишлаб чиқариш жараёнида фойдали восита сифатида қабул қилмоқда. Бироқ “The Velvet Sundown” гуруҳининг орқасида ҳақиқий ижодкор тургандек кўринмайди. Бир ой ичида гуруҳ Spotify’да “Floating On Echoes” ва “Dust and Silence” номли иккита альбом чиқарди. Яна икки ҳафтадан сўнг учинчи альбомнинг тақдим этилиши кутилмоқда. Треклар классик рок услубида бўлиб, акс-садо эффекти, синтетик чолғулар ва автотюн элементлари билан бойитилган. Уларни алоҳида-алоҳида тинглаганда фарқ сезилмаслиги мумкин, аммо кетма-кет тинглаганда қўшиқларнинг мазмун жиҳатдан сайозлиги ва бир хиллиги уларнинг сунъий интеллект томонидан яратилганини ошкор қилади.

Ўтган ҳафталарда Reddit ва X (собиқ Twitter) платформаларида фойдаланувчилар бу гуруҳнинг ҳақиқийлиги борасида шубҳалана бошладилар. Гуруҳ биографиясида тўртта аъзо ҳақида маълумот келтирилган бўлса-да, бу шахслар гуруҳ альбомлари ва ижтимоий тармоқлардан ташқарида мавжуд эмасдек кўринади.

Шунга қарамай, “The Velvet Sundown” қўшиқлари Spotify фойдаланувчилари томонидан яратилган турли плейлистларга киритилиб, тингловчилар сони кескин ошиб борди. Сунъий интеллектдан фойдаланилганлик тахминлари пайдо бўлган пайтда гуруҳнинг 300 мингга яқин тингловчиси бор эди, орадан бир ҳафта ўтмай бу рақам 500 мингдан ошиб кетди. Ҳозир эса бу кўрсаткич 850 мингдан ортган.

Гуруҳ “аъзолари” сифатида қуйидагилар кўрсатилган: қўшиқчи ва меллотрон ижрочиси Гейб Ферроу, гитарачи Ленни Вест, текстурали синтетик товушлар муаллифи Майло Рейнс ҳамда зарбли чолғучи Орион “Рио” Дел Мар. 27 июн куни очилган Instagram саҳифада бу "аъзолар"нинг сунъий интеллект томонидан яратилгани аниқ кўзга ташланади. Якшанба куни жойланган суратда гуруҳ аъзолари машҳур The Beatles’нинг 1969-йилдаги “Abbey Road” альбоми муқовасини сунъий услубда қайта гавдалантирган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+