Илон Маск тарихда илк бор бойлиги $800 млрддан ошган одамга айланди
Forbes ҳисоб-китобларига кўра, SpaceX ва xAI бирлашувидан сўнг Илон Маск тарихда илк бор бойлиги $800 миллиарддан ошган инсон бўлди.

Tesla ва SpaceX асосчиси, америкалик тадбиркор Илон Маск тарихда биринчи бўлиб бойлиги $800 миллиарддан ошган инсон сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.
Мазкур рекорд натижа SpaceX’нинг Илон Маскга тегишли сунъий интеллект компанияси — xAI’ни сотиб олиши ортидан юзага келди. Битим натижасида космик технологиялар гиганти ва сунъий интеллект йўналишидаги бизнес бирлашди.
Forbes ҳисоб-китобларига кўра, SpaceX ва xAI қўшилгач, янги компания $1,25 триллионга баҳоланди. Ушбу келишув Маск бойлигини қарийб $84 миллиардга ошириб, унинг соф активлари қийматини $852 миллиардга етказди.
Рўйхатда иккинчи ўринни йирик фарқ билан Google ҳаммуассиси Ларри Пейж $277,9 млрд бойлик билан эгаллаб турибди. Кучли учликни яна бир Google ҳаммуассиси Сергей Брин $256,3 млрд билан якунлади.
Битимдан аввал Илон Маск SpaceX компаниясининг 42 фоиз улушига эга эди. Декабрь ойидаги баҳолашларга кўра, СпаcеХънинг умумий қиймати $800 миллиард бўлиб, Маск улуши $336 миллиардни ташкил этган. Шунингдек, у xAI компаниясининг 49 фоизига эгалик қилган бўлиб, бу улуш $122 миллиардга баҳоланган.
Бирлашувдан сўнг SpaceX $1 триллион, xAI эса $250 миллиард қиймат билан баҳоланди.
22 декабрда Маскнинг бойлиги биринчи марта $700 млрддан ошганди, 16 декабрда эса у биринчи марта $600 млрдлик маррани забт этганди.









