ILMA 4 та суғурта компаниясига 156,5 млн сўм жарима қўллади
Жарима GLOBAL INSURANCE GROUP, SEMURG INSURANCE, INSON ва ALSKOM SUG‘URTAʼга нисбатан қўлланилган. Улар орасида ALSKOM SUG‘URTA ташкилотининг биринчи ярим йилликдаги соф фойдаси 13,5 млрд сўмни ташкил қилган.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ILMA) суғурта ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш доирасида 4 та суғурта компаниясига нисбатан жарима санкцияларини қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Текширувлар давомида мазкур компаниялар молиявий кўрсаткичлар бўйича қонунчиликда белгиланган меъёрларга тўлиқ риоя этмагани аниқланган. Натижада уларга жами 156,5 миллион сўм миқдорида жарима солинди.
Жарима миқдорлари қуйидагича тақсимланди:
- “GLOBAL INSURANCE GROUP” АЖ СТ — 35,0 млн сўм
- “SEMURG INSURANCE” АЖ — 31,5 млн сўм
- “INSON” АЖ СТ — 40,0 млн сўм
- “ALSKOM SUG‘URTA KOMPANIYASI” АЖ — 50,0 млн сўм
Суғурта компаниялари даромадлари
Аввалроқ Pinkod Ўзбекистондаги суғурта компанияларининг биринчи ярим йилликдаги соф фойдаси ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, Apex Insurance 125,8 млрд сўм соф фойда билан энг юқори натижани қайд этган.
Жарима қўлланган компаниялар орасида:
- ALSKOM SUG‘URTA — 13,5 млрд сўм соф фойда
- GLOBAL INSURANCE — 3,6 млрд сўм
- INSON — 600 млн сўм соф фойда кўрсатган.
Бошқа жарималар
Шунингдек, аввалроқ Марказий банк томонидан TBC Bank, Даврбанк ва Ҳамкорбанкка нисбатан жами 2,5 млрд сўм жарима санкциялари қўллангани ҳам хабар қилинганди.