Илк миллиардер футболчи: Криштиану Роналду $1,4 млрдлик бойлигини қандай тўплади?
Португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналду Bloomberg миллиардерлар индексига кўра 1,4 миллиард долларлик бойликка эришди.
Йигирма йилдан ортиқ давом этган фаолияти мобайнида Роналду “Манчестер Юнайтед”, “Реал Мадрид” ва “Ювентус” клубларида ўйнаб, реклама шартномалари орқали юзлаб миллион доллар ишлаб топди.
У томонидан жорий йилда имзоланган шартнома эса спортчи бойлигини рекорд даражага олиб чиқди.

Португалиялик афсонавий футболчи Криштиану Роналду нафақат майдондаги ютуқлари, балки молиявий муваффақиятлари билан ҳам тарих ёзмоқда. Bloomberg миллиардерлар индексига кўра, унинг бойлиги 1,4 миллиард долларга етиб, ушбу кўрсаткичга эришган илк футболчи сифатида қайд этилди.
Роналду бу даражага Европанинг энг нуфузли клубларида йигирма йилдан ортиқ фаолияти давомида тўплаган даромадлар, йирик реклама шартномалари ҳамда Саудия Арабистонининг “Ал-Насср” клуби билан имзолаган рекорд қийматдаги контракт орқали эришди. У 2025 йилда “Ал-Насср” билан 400 миллион доллардан ортиқ қийматга эга шартнома тузди. Бу нафақат футбол тарихидаги энг катта битимлардан бири, балки унинг бойлигини кескин оширган асосий омиллардан бири бўлди.
40 ёшли португалиялик юлдуз Европанинг “Манчестер Юнайтед”, “Реал Мадрид” ва “Ювентус” каби йирик клубларида йигирма йилдан ортиқ фаолият юритар экан, ўз машҳурлигидан самарали фойдаланди. У Nike ва Armani каби дунёга машҳур брендлар билан йирик реклама шартномаларини имзолади. Айнан шундай шартномалар, юқори маошлар ва солиқдан холи даромадлар уни дунёнинг энг бой спортчиларидан бирига айлантирди.

Саудия Арабистонида даромадлар солиққа тортилмаслиги, шунингдек клубнинг маълум улушини қўлга киритиш ва шахсий самолётдан фойдаланиш каби қўшимча имтиёзлар Роналдунинг бойлигини янада оширди.
Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, футболчининг соф бойлиги 1,4 миллиард долларга тенг. Бу ҳисоб-китоблар унинг бутун карераси давомида олган даромадлари, сармоялари, реклама шартномалари, солиқ ставкалари ва бозор ҳолатини инобатга олган ҳолда тузилган.
Қашшоқликдан миллиардерликкача
Роналдунинг бойликка йўли силлиқ бўлмаган. У Атлантика океанидаги Мадеира оролида камбағал оилада улғайган. Кириш 14 ёшида мактабни ташлаб, бутун эътиборини футболга қаратди.

Кейинчалик Португалия материгига кўчиб, Спортинг Лиссабон клубида шуҳрат қозонди ва катта европалик клубларнинг эътиборига тушди. 2003 йилда “Манчестер Юнайтед”га, 2009 йилда эса “Реал Мадрид”га ўтиши унинг даромадларини кескин оширди.
Бугунги кунда Мадеирада Криштиану Роналду номи билан аталган халқаро аэропорт, CR7 музейи ва Pestana CR7 меҳмонхонаси мавжуд.

Исми Роналд Реаган шарафига қўйилган Роналду 2002–2023 йиллар оралиғида 550 миллион доллардан ортиқ маош олган. У Nike билан 10 йиллик, йилига 18 миллион долларлик шартнома имзолаган ва Armani ҳамда Castrol каби брендлар билан реклама битимлари орқали яна 175 миллион долларга яқин даромад топган.
2023 йилда “Ал-Насср”га ўтиши унга солиқларсиз йилига 200 миллион долларлик маош ва бонуслар, шунингдек 30 миллион долларлик имзо бонусини тақдим этди.
Месси билан таққослаш
Лионел Месси ҳам футбол тарихидаги энг кўп даромад олган футболчилардан бири бўлса-да, Роналдунинг сўнгги йиллардаги молиявий юксалиш суръати юқорироқ бўлди. Bloomberg маълумотларига кўра, Месси карерасида солиққа қадар 600 миллион доллардан ортиқ маош олган. 2023 йилдан бери эса у йилига 20 миллион долларлик кафолатли маош олмоқда ва Apple билан даромад улашиш шартномасига эга. Сўнгги икки мавсумда Мессининг кафолатли маоши Роналдонинг шу даврдаги даромадининг ўндан бирига тенг бўлган.

Роналдунинг даромадлари Девид Бекхем каби илгари машҳур бўлган футболчилар билан солиштирганда ҳам мисли кўрилмаган даражада катта. Бекхем 2013 йилда нафақага чиққанида умумий 100 миллион доллар ишлаб топган эди. Роналдо эса спорт тарихида янги молиявий меъёрларни белгилаб берди.
Бойликни бошқариш ва инвестициялар
Роналду ўз бойлигини бошқаришда Лиссабондаги LMcapital Wealth Management компанияси раҳбари Мигел Маркесга таянган. Маркес илгари Швейсария банкида ишлаган бўлиб, ҳозирда 1,4 миллиард евролик активларни бошқаради. Унинг офиси Лиссабондаги ҳашаматли Louis Vuitton дўкони устида жойлашган.
Роналду асосан Португалияда сармоя киритади ва қарорларни дўстлари ҳамда узоқ йиллик маслаҳатчилари билан бирга қабул қилади. У содиқликка катта аҳамият беради. Масалан, Лиссабондаги City of Padel клубининг улушини сотиб олишни кўриб чиққан, 2024 йилда эса Lisboa Racket Center лойиҳасида иштирок этган. CR7 бренди, меҳмонхоналар тармоғи, фитнес заллари ва медиа компанияси бор бўлса-да, бу йўналишлар унинг бойлигининг асосий манбаи эмас.

Роналду катта кўчмас мулк портфелига ҳам эга. Мадеирада ҳашаматли уй, Лиссабонда эса квадрат метр нархи бўйича рекорд ўрнатган пентҳаус унинг мулкларига киради. Ҳозирда у Лиссабон яқинидаги Quinta da Marinha номли гольф курортида 20 миллион еврога баҳоланган вилла қурмоқда. Бу лойиҳа кўплаб туристлар ва маҳаллий аҳолининг эътиборини тортган, ҳатто гольф клуби эгалари ноқонуний экскурсияларни тўхтатишга мажбур бўлган.
Келажак режалар
660 миллиондан ортиқ обуначиси билан Роналду Инстаграмъдаги энг машҳур инсон ҳисобланади. Саудия Арабистони туризмини ривожлантириш жараёнида бу омил катта аҳамият касб этмоқда. Роналдунинг “Ал-Насср”га келиши катта шов-шувга сабаб бўлди — дастлабки ўйинларига минглаб мухлислар ташриф буюрди, стадионлар тўлиб кетди. У тез орада жамоанинг энг кўп гол урувчи футболчисига айланди.
Бироқ вақт ўтиши билан дастлабки ҳаяжон пасайди, айрим ўйинларга келувчилар сони 6 мингдан кам бўлди. Шунга қарамай, у Саудия лигасини фаол ҳимоя қилади ва уни Франциянинг Ligue 1 лигасидан кучлироқ деб баҳолайди.

Эндиликда Роналдо учун асосий савол фаолиятини якунлагач, қандай йўл тутишидир. У профессионал даражада ўйнаётган энг ёши катта футболчилардан бири ва “Ал-Насср” сафида нафақага чиқишни режалаштирган.
Шунингдек, у Бекхем сингари бир нечта футбол клубларига эгалик қилишни орзу қилади. Бу орзунинг бир қисми аллақачон рўёбга чиққан — янги шартнома доирасида у «Ал-Насср»нинг 15 фоизлик улушини қўлга киритган. Шу суръатда давом этса, у футболни тарк этгач ҳам кўплаб янги имкониятларга эга бўлиши аниқ.