HUMO тўлов тизими дастлабки уч ойда 48 млрд сўм соф фойда олди
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга кўп бўлса-да, 2024 йилнинг учинчи чорагидаги 119,3 млрд сўмлик соф фойдага нисбатан 59,7 фоизга камдир.
Шунингдек, HUMO давлатга тўланиши керак бўлган 200 млрд сўмдан ошиқ тақсимланмаган фойда билан бирга хусусийлаштириб юборилгани маълум бўлди.

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ биринчи чорак якуни бўйича молиявий ҳисоботларни тақдим этди. Унга кўра, тўлов тизими дастлабки уч ойликни 48 млрд сўм соф фойда билан якунлади.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга кўп бўлса-да, 2024 йилнинг учинчи чорагидаги 119,3 млрд сўмлик соф фойдага нисбатан 59,7 фоизга камдир.
Таққослаш учун, HUMO’нинг асосий рақобатчиси ҳисобланган UZCARD тўлов тизими биринчи чоракни 307,6 млрд сўмлик соф фойда билан якунлади. Компания соф фойдаси HUMO’никига нисбатан 84,4 фоизга кўпроқ.
Компания балансидаги жами активлар ҳозирда 494,1 млрд сўмни ташкил этмоқда, бу эса ҳисобот даври бошига нисбатан 59,2 млрд сўмга кўпдир. Шу билан бирга, компания мажбуриятлари ҳам 17 фоизга ошиб, 77 млрд сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, компаниянинг тақсимланмаган даромади чорак бошидан бери 203,3 млрд сўмдан 251,3 млрд сўмга етди. Бу эса HUMO давлатга дивидендлар сифатида тўланиши керак бўлган 203,3 млрд сўм билан бирга сотиб олинганини англатади.
Яъни, HUMO’ни харид қилиш Paynet’га 65 млн АҚШ доллари ёки ўша пайтдаги Марказий банк курси бўйича ҳисоблаганда 843,2 млрд сўмга эмас, балки дивидендлар чегириб ташланганда, қарийб 640 млрд сўмга тушган.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMOтўлов тизими) устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялари пакети Paynet АЖ томонидан 65 млн АҚШ долларига сотиб олингани маълум қилинган эди.
Pinkod амалга оширган ўрганишлар натижасида, Paynet’нинг билвосита ҳозирги эгаси — директори ва унинг биринчи ўринбосари тўлов тизими асосчиси Ботир Орифжоновнинг эски танишлари, яъни унинг илгари бирга ишлаган жамоасидан экани маълум бўлган.