“Ҳамкорбанк” акциялари бир йилда тўрт баробардан кўпроққа қимматлашди
10 август куни “Ҳамкорбанк” акциялари нархи савдолар давомида қарийб 20 фоизга ошиб, 114,56 сўмгача етди. Сўнгги битим нархида банкнинг бозор капитализацияси 13,28 трлн сўм ёки 1,11 млрд долларни ташкил этмоқда. Банк акциялари йил бошидан буён 146,5 фоизга, сўнгги 12 ойда эса 312 фоизга қимматлашди.

“Тошкент” Республика фонд биржаси маълумотига кўра, 10 август куни “Ҳамкорбанк” (биржа тикери — ҲМКБ) акциялари бўйича савдолар 95,49 сўмдан бошланган. Кун давомида нарх 114,56 сўмгача кўтарилиб, аввалги савдо кунига нисбатан қарийб 20 фоизлик ўсишни қайд этган.
Сўнгги битим эса 105,98 сўмдан тузилган. Шу тариқа, акциялар 7 августдаги 95,49 сўмлик нархга нисбатан 11 фоизга қимматлашди. Кун давомида 379 минг дона акция 39,4 млн сўмга сотилган.
Таққослаш учун, ҲМКБ акциялари 2025 йилни 43 сўмлик нарх билан якунлаган эди. Ҳозирги сўнгги битим нархидан келиб чиқилса, йил бошидан буён ўсиш 146,5 фоизни ташкил этади. Кунлик максимум бўйича эса қимматлашиш 166 фоиздан ошади.
Сўнгги 12 ойдаги ўсиш эса 312 фоизни ташкил этди. Шу тариқа, бир йил ичида акция қиймати тўрт баробардан кўпроққа ошди.

Ўсиш айниқса сўнгги ўн кун ичида тезлашди. 31 июль куни акциялар бўйича сўнгги битим 79 сўмдан тузилган эди. Шундан буён қимматли қоғозлар 34,2 фоизга, кунлик максимум билан ҳисоблаганда эса 45 фоизга қимматлашди.
Натижада банкнинг оддий акциялари бўйича бозор капитализацияси сўнгги битим нархида 13,28 трлн сўм ёки 1,11 млрд долларга етди. Кун давомида қайд этилган энг юқори нарх бўйича эса бу кўрсаткич 14,35 трлн сўм ёки 1,2 млрд долларни ташкил этади.
Котировкалар ўсиши банкнинг молиявий натижалари кескин яхшилангани фонида юз бермоқда. “Ҳамкорбанк” 2026 йилнинг биринчи ярмини 970 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу бир йил олдинги 393,4 млрд сўмга нисбатан 2,5 баравар кўп.
Банк активлари бир йил ичида 39,6 фоизга ошиб, 41,31 трлн сўмга, соф кредит портфели эса 51,2 фоизга кўпайиб, 29 трлн сўмга етган. Хусусий капитал 38,2 фоизга ўсиб, 7,67 трлн сўмни ташкил этди.
Бироқ нархдаги кескин ўсиш савдо ҳажмига нисбатан жуда катта. 10 август куни сотилган 379 минг дона акция банкнинг муомаладаги 125,3 млрд дона оддий акциясининг атиги 0,0003 фоизига тенг. Шу сабабли сўнгги битим асосида ҳисобланган капитализация банкнинг барча акцияларини айни нархда сотиш мумкинлигини англатмайди.









